CОVID-19’нинг «британча» штамми билан касалланган болаларда кузатилаётган бешта аломат маълум бўлди

Буюк Британияда аниқланган ва юқумлилиги жиҳатидан кучлироқ экани айтилган CОVID-19’нинг янги штамми болаларда бошқача аломатлар билан кечаётгани аниқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: Reuters

Хабарга кўра, бу «ZOE Symptom Tracker» иловаси ёрдамида олиб борилган тадқиқотлар туфайли маълум бўлган. Соғлиқни сақлаш бўйича мутахассислари «касал болаларнинг аксарияти чарчоқдан азият чекади» деган фикрга келган. Маълум қилинишича, инфекцияни юқтирган чақалоқларда тез-тез йиғлаш ҳолатлари учрайди.

Таъкидланишича, касалланган болаларнинг ярмидан кўпи (53 фоизи) бош оғриғидан шикоят қилган. Шу билан бирга, уларда қорин оғриғи ҳам кузатилмоқда. Шунинг учун шифокорлар ота-оналарга қорин бўшлиғидаги ноқулайлик билан бир вақтда пайдо бўладиган бош оғриғи бор-йўқлигини болаларидан сўраб туришларини маслаҳат бермоқда.

Яна бир аломат — 37 даражадан юқори иситма. У коронавируснинг «британча» штамми билан оғриган болаларнинг деярли ярмида учради. Шунингдек, илова бетоб болаларнинг 38 фоизи томоқ оғриғидан шикоят қилишганини аниқлади, бу аломат, одатда, вирусли инфекциянинг белгиси. Томоқдаги оғриқ шамоллаш, грипп ёки CОVID-19’нинг белгиси бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, касалланганларнинг тахминан 35 фоизи иштаҳани йўқотганларини айтган. Мутахассисларнинг фикрига кўра, кўпинча бир ёшга тўлмаган чақалоқлар бунга дуч келишади. Шунинг учун улар ота-оналарга таомни кичикроқ қисмларга бўлиб, болаларни кам порция билан, аммо тез-тез овқатлантиришни маслаҳат беради.

Аввалроқ дунёда коронавирусдан вафот этганлар сони 2 миллионга яқинлашгани хабар қилинганди. Эслатиб ўтамиз, коронавируснинг «британча» — янада юқумлироқ штамми Япония, Франция, Нигерия, Исроил, Малайзия, Сингапур, Бразилия, Эквадор, Ҳиндистон, АҚШ, Хитой, Кипр, Греция, Таиланд мамлакатларида аниқланган.

Янгиликлар