Бешариқда сўнгги 9 ойда 22,5 минг тоннадан ортиқ мева етиштирилди

Фарғона вилояти Бешариқ туманида сўнгги 9 ойда 22 552 тонна мева етиштирилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Халқ депутатлари Фарғона вилояти Бешариқ тумани Кенгашининг XIX сессияси 21 октябрь, чоршанба куни бўлиб ўтган. Сессия давомида 16 октябрь куни Шавкат Мирзиёев раислигида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалари ижроси, бу борада олиб борилаётган ишлар муҳокама этилган.

Қайд этилишича, туманда сўнгги 9 ойда 6912 тонна гўшт, 75 235 тонна сут, 19 230 тонна картошка, 51 400 тонна сабзавот, 4056 тонна полиз, 22 552 тонна мева ва 48 509 минг дона тухум маҳсулотлари етиштирилган.

Шунингдек, туман аҳолисининг 2020 йил ноябрь ойидан 2021 йилнинг май ойига қадар гўшт, тухум, ун, ёғ, шакар, гуруч, картошка, сабзи ва пиёзга бўлган эҳтиёжни қондириш мақсадида ҳисоб-китоб қилинган. Унга кўра, аҳоли учун 4931 тонна картошка, 2178 тонна пиёз, 1650 тонна сабзи, 1120 тонна гуруч, 8020 тонна ун, 2134 тонна парранда гўшти, 1237 тонна шакар, 1040 тонна ўсимлик ёғи, 1106 тонна балиқ ва 23 764 дона тухум талаб этилиши қайд этилган.

Бундан аввал Фарғонада 2021 йилнинг май ойига қадар захира қилинадиган маҳсулотлар ҳажми маълум қилинганди. Шунингдек, Халқ депутатлари Фурқат тумани Кенгашининг XIV ҳамда Шаҳрихон тумани Кенгашининг VII сессияси бўлиб ўтгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар