Навоийда ижарадаги уйида фоҳишахона ташкил қилган 2 аёлга суд ҳукми ўқилди

Навоий шаҳрида ижарада яшаётган уйида фоҳишахона ташкил қилган фуқаролар К.Н. ва A.A.га 22 ноябрь куни суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Олий суд матбуот хизмати

Таъкидланишича, Навбаҳор туманидан бўлган К.Н. навоийлик A.A. билан ўзаро тил бириктириб, ижарада яшаётган уйида фоҳишахона ташкил қилган. Aёллар хонадонда С., Н. ва бошқа шахслар учун турли миқдордаги пул эвазига шароит яратиб бериб, қўшмачилик билан шуғулланиб келган.

Бундан ташқари, улар ўзининг жиноий ҳаракатини давом эттириб, К.Н.нинг вақтинча ижарада яшаб турган хонадонида Б.Ш. ва A. учун турли миқдордаги пуллар эвазига шароит яратиб берган. Улар шу ва бошқаларга шароит яратиб, жиноий қилмишини давом эттирган.

Маълум бўлишича, фуқаро К.Н. 1982 йил Навоий вилояти Навбаҳор туманида туғилган, ҳозирда оилали, 3 нафар фарзанднинг онаси. Фуқаро A.A. эса 1964 йил Навоий шаҳрида туғилга, оилали, 2 нафар фарзанди бор.

Суд мажлисида судланувчилар К.Н. ва A.A. айбига тўлиқ иқрорлигини, қилган ишидан пушаймонлигини айтган. Шундан сўнг суд К.Н. ва A.A.га нисбатан Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, айбланаётган модда санкцияси назарда тутилган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг энг кам қисмидан ҳам камроқ озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Aввалроқ Андижонда уйида фоҳишахона ташкил қилган аёллар қўлга олингани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Чортоқда уйида фоҳишахона ташкил этган 42 ёшли аёл ушлангани хабар қилинган.

Кейинчалик Тошкентда олти йилдан буён фоҳишалик билан шуғулланиб келган уюшган гуруҳ ҳамда уларни интернетда реклама қилиб келган блогер қўлга олингани хабар қилинган.

Янгиликлар