Қашқадарёдаги мактабларда Ислом Каримов бюсти учун мажбурий пул йиғилгани ҳақидаги хабарларга изоҳ берилди

Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармаси вилоятдаги мактабларда Ислом Каримов бюсти учун мажбурий пул йиғилгани ҳақидаги хабарларга изоҳ берди.

Маълумотларга кўра, Қашқадарёдаги мактабларда Ислом Каримов бюсти учун мажбурий пул йиғилгани ҳақида хабарлар тарқалган. Унда айтилишича, мактаб директори ҳокимликдан Ислом Каримов бюстини кўтариб келиб, унинг нархи 450 минг сўм эканлигини айтган ва ҳар бир ходим 10 минг сўмдан йиғиб беришини сўраган. Шундоқ ҳам пандемияда қийналган ўқитувчилар мажбуран пул йиғишлар жонларига текканини билдирган.

Вилоят халқ таълими бошқармасининг маълум қилишича, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш ҳамда келажак авлодга етказиш бўйича тайёрланган бюстларни вилоятдаги идора, корхона, ташкилот ва муассасаларга ҳамда шаҳар ва туманлар ҳокимларга етказиб бериш тўғрисида таклифий тақсимот жадвалига кўра, вилоят халқ таълими бошқармасига 200 дона тақсимот қилинган.

Ушбу бюстлар вилоят халқ таълими бошқармасининг ички тақсимоти асосида туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларига тақсимлаб берилган. Жумладан, Чироқчи туманига 30 дона, Қарши шаҳрига 9 дона, Қарши туманига 12 дона, Миришкор туманига 7 дона, Ғузор туманига 12 дона, Деҳқонобод туманига 17 дона, Қамаши туманига 15 дона, Косон туманига 18 дона, Китоб туманига 16 дона, Муборак туманига 6 дона, Нишон туманига 7 дона, Касби туманига 10 дона, Шаҳрисабз туманига 15 дона, Яккабоғ туманига 18 дона, Шаҳрисабз шаҳрига 4 дона бюстлар тақсимот қилиб берилган.

Таъкидланишича, ҳозирда туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларида ҳомийлик ёки бюджетдан ташқари тушган маблағ асосида шакллантириб, мактабларга тарқатиш учун сақланмоқда.

«Қолган 5 та туманда Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг бюстлари, ўзлари ташаббус кўрсатган мактаб директорларига тарқатилган. Жумладан, Чироқчи, Муборак, Қарши, Косон, Деҳқонобод туманлари мактабларига тарқатилиши тақсимот қилинган бўлиб, пул маблағлари мактаблар жамоасидан йиғиб олинмаганлиги маълум бўлди», — дейилади бошқарма хабарида.

Аввалроқ Aндижон вилояти Халқ таълими бошқармаси мактаб таъмири муассаса раҳбарлари ва ўқитувчилар ҳисобидан амалга оширилиши учун ҳеч қандай топшириқ берилмаганини маълум қилганди. Шундан сўнг, Наманганда ўқитувчилар маошидан мактаб чиқимига пул йиғилаётгани ҳақидаги хабар рад этилган.

Янгиликлар