Сурхондарёда ҳаракатланиб келаётган поездга бориб урилган «Damas» ҳайдовчиси вафот этди — фото

Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида ҳаракатланиб келаётган поездга бориб урилган «Damas» ҳайдовчиси вафот этди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати

Кадр: YouTube

Маълум қилинишича, 2021 йил 16 январь куни Тангимуш ва Оқжар станциялари оралиғидаги темир йўл кесишмасида йўл-транспорт ҳодисаси юз берган.  «Damas» автомобили светофорнинг қизил чироғига қарамай, темир йўл кесишмасидан ўтмоқчи бўлиб, «Тошкент—Термиз» йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келаётган 080 йўловчи поездининг ён томонига урилган. Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида автомашина ҳайдовчиси 1995 йилда туғилган С.Х. олган жароҳатлари туфайли касалхонага етказилган. Бироқ унга кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай, ҳайдовчи вафот этган. Поезд воқеа жойида 13 дақиқа туриб, ҳаракатини давом эттирган. Поезд йўловчилари орасида қурбонлар ва жароҳат олганлар йўқ.

Фото: Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати

Аввалроқ Самарқандда 3 та автомашина иштирокидаги ЙТҲ оқибатида ҳайдовчилардан бири вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Наманганда темир йўлнинг ёритилмаган қисмида поезд «Lacetti»ни уриб кетгани хабар қилинган.

Янгиликлар