Telegram дайжести: ИЭСда авария, ўзбек тилининг митти луғати, Мурод Назаров спорт билан, Вадим Абрамов тадбиркорлик билан шуғулланяпти

Дунёда яна қизғин ҳаёт бошланди. Янги йил кайфияти ҳар кимда ҳар хил бўлгани туфайли аниқ бир кайфият рангини белгилаш қийин. Ҳали одамлар 2020 йилнинг ўткир хотираларидан ажрагани йўқ. Унча оддий кечмаган ўтган йил таасуротлари таъсирида одамлар янги 2021 йилни хам бироз ҳадик билан қаршиламоқда. Telegram ҳам инсон ва жамиятнинг бир структураси сифатида ўз ўрнига эга бўлмоқда.

Тугаётган ҳафтада цензура энг кам деб ҳисобланган бу платформага яна миллонлаб одамлар кўчиб ўтди ва шунга яраша хилма-хил контент юзага келмоқда. Ўтган ҳафтанинг энг муҳим нуқталарини биргаликда эслаймиз.

Telegram асосчиси Павел Дуров ўтган ҳафтада ўз каналида бир неча мамлакат президетлари платформада саҳифаларини очганини билдириб пост жойлаганди. У постдан Трамп, Эрдўғон ва албатта бизнинг президентимиз Мирзиёев жой олганди.

Бундан ташқари, Дуров Telegram’га президентлар ортидан бир сутка ичида 25 миллонта янги фалловер қўшилгани ва бу сурат хар соатда ўсиб бораётганини таъкидлади. Бундан ташқари, у фойдаланувчиларнинг хавфсизлиги биринчи ўриндалигини эслатиб ўтди.

Бизга ҳали нотаниш, аммо постлари анча тагдор бўлган «Хўжакўрсин» канали ҳафтани Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевни танқид қилишдан бошлади. Унинг «Тошкент шаҳар императори Жаҳонгир Ортиқхўжаев: 2021 йил режасида депутатлар талабалар турар жойлари қуриш ҳақида таклиф бермаган, улар бу масалани муҳим деб ҳисобламаган» деб номланган постини ўқиш ва кўриш мумкин.

Бундан ташқари, вазирликдан ректорликка думи тугилган ректорлар учлигини ўзига хос усулда тўплаган.

Айниқса футбол мураббийи Вадим Абрамовнинг тадбиркорлигини де факто исботлаб, ўртага тугунли савол ташлагани ўткир пост билан танишиб чиқишни маслаҳат берамиз.

2020 йил одами бўлган Расул Кушербоев ўз каналида қонуний сотилаётган ва ёш авлодни заҳарлаётган наркотиклар ҳақида актуал пост жойлади.

Менимча, Кушербоев бизга ўхшаб икки нарсага тоқат қилолмайди. Биринчиси адолатсизликка, иккинчиси бефаросатларча дарахт қўпоришга. У каналида айнан шу ҳақда алам ва ғазаб билан пост қолдирди.

Яна у Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашидаги ҳар бир депутатга 2 миллиард сўмдан пул ихтиёрига берилиб, ўзлари лозим деб топган мақсадлар учун ишлатадиган бўладиган ташаббус чиққанини олқишлади ва Олий мажлис депутатларига хам шундай ишлар қилишини  эслатиб ўтди.

Мурод Назаров – бизнесмен ва мотиватор. Ўтган ҳафталар бошида қора булутлар сузган бу бизнесмен ниҳоят жимликдан чиқиб, каналига пост жойлади. «Ўзим асос солганман» деган компанияси суриштирувлар натижасида коррупционерга тегишли бўлиб чиққани туфайли халқ назаридан қолиб, ғазабига дучор бўлган Назаров «Омадингизни берсин», деб пост қолдирди.

Журналист ва тилшунос Ориф Толиб ўзининг митти Telegram каналида «Ўзбек тилини  унутганлар учун митти луғат» деган сарказмли пост жойлади.

Рус тилида блог юритувчи кам сонли блогерларимиздан бири Қурбонов ўзининг каналида Янги Ангрен ИЭС ҳалокати тўғрисидаги хабарни бўлишди.

Бундан ташқари, у тиббиёт талабалари мажбурий равишда уйма-уй юриб, аҳолининг бўйини, вазнини ўлчаш билан машғул эканини фош қилди.

Ўтган ҳафта Американинг янги президенти Жо Байден президентликка киришди. Трамп эса ўткир зиддиятлар ила хукуматдан кетди. Ушбу жараённинг ўткир лаҳзаларини фотолавҳаларда ўқитувчи блогер Исроил Тиллабоев бўлишди.

Davletov.uz канали суриштируви орқасидан Жиззахдаги уй қулади. Натижада жиззахча қинғир тендерни ҳаттоки президент гапирди. Мулозимлар ҳайдалди, жиноий ишлар очилди. Нима ҳақда гап кетаётганини унча тушунмаган бўлсангиз, Хушнуд Худойбердиевнинг постини ўқиб, англаб етасиз.

Қорли ҳаволарда ва аёзда қалбимизни иситувчи яхши хабарлар кўпайсин. Келаси ҳафтагача азизлар!

Янгиликлар