Самарқанддаги махсус профилактик тадбирда 25 та низоли оила муаммоси жойида ҳал этилди
Самарқанддаги махсус профилактик тадбирда 25 та оила муаммоси жойида ҳал қилинди. Бу ҳақда вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, Самарқандда «Тазйиқ ва зўравонликка қарши курашиш» ойлиги махсус профилактик тадбирлари ўтказилган. Тадбирга 661 нафар ички ишлар органлари ходими ва 842 нафар жамоатчилик вакили, жами 1503 нафар ходим жалб этилган бўлиб, 5 кун давомида 3305 та оила муаммоси ўрганилган.
5 кунлик ўрганишлар давомида 365 та низоли оила билан профилактик ишлар олиб борилган. Ушбу оилаларда 47 муаммо аниқланиб, шундан 25 таси жойида ижобий ҳал этилган ва 29 та ҳолатда нотинчликка барҳам берилган. 11 та ҳолатда ажрим ёқасига келиб қолган оилалар ўзаро яраштирилган.
Тадбир давомида оила турмуш муносабатлари доирасида хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этган 16 нафар шахс аниқланиб, ҳудудий профилактика инспекторлари ва хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлар томонидан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерлари расмийлаштирилиб, махсус қарор ҳамда ордерда белгиланган чеклов талаблари бўйича батафсил ҳуқуқий тушунтириш ишлари олиб борилган.
Шунингдек, вилоят ҳудудида яшовчи хотин-қизларни хар қандай тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш мақсадида тадбир давомида маҳалла ҳамда секторлар кесимида тазйиқ ва зўравонлик содир этишга мойил бўлган шахслар рўйхатлари шакллантирилган. Махсус профилактик тадбирлар вилоят бўйлаб давом этяпти, дейилади хабарда.
Аввалроқ Булунғурда депутатлар ўтказган мулоқотда 25 нафардан ортиқ фуқаронинг муаммолари ўрганилгани, Булунғурда ёнғин хавфсизлиги ҳолати текширилган 102 та хонадонда камчиликлар аниқлангани ҳақида хабар қилинганди.