Бельгиялик эксперт китобида ўзбек палови ҳақида батафсил гапириб берди

Бельгиялик эксперт Пик Кеобандит ўзининг «Карантин давридаги саёҳат — бутун дунё рецептлари» китобида ўзбек паловининг таркиби ва тайёрлаш жараёнини батафсил тушунтириб, рангли суратлари билан безади. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.

Фото: «Дунё» АА

Хабарга кўра, Пик Кеобандит Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчихонаси томонидан июлда ташкил қилинган «Ўзбек палови куни»да таом қандай тайёрланишини диққат билан кузатган.

«Ўзбек ошхонасида алоҳида ўрнига эга бўлган ўзбек палови тўй каби катта тадбирларда анъанавий тарзда тайёрланадиган байрам таоми ҳисобланади. Бундан ташқари ўзбек оилалари ҳафтада камида бир марта уйида ҳам палов тайёрлайди», — деб ёзади муаллиф.

Шунингдек, у палов тайёрлаш жараёнини босқичма-босқич тушунтириб берган ва унга солинадиган масаллиқларни ҳам тасвирлаб ўтган. Ош тайёрлаш учун «Ўзбекистонда маҳаллий гуруч бўлган ‘лазер’, Хоразм вилояти ёки Қорақалпоғистон республикасида етиштиралидан оч рангли ‘аланга’ ҳамда Фарғона водийсида ўстириладиган қўнғир-қизғиш рангли ‘девзира’ ишлатилади», дейилади китобда.

Мақолада палов мазали чиқиши учун уни қозонда пишириш кераклиги таъкидланган ва уни дастурхонга тўғри тортиш қоидаларига ҳам урғу берилган.

Бундан ташқари, муаллиф «ўзбек палови аллақачон европаликларнинг қалбини забт этгани»ни ҳам таъкидлаган. «Шунингдек, Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик миссияларини бажариш учун ташкил қилинган тантаналарда дастурхонга тортилиши» билдирилган.

Аввалроқ Самарқанд шаҳрида илк гастрономик кўча ва янги меҳмонхона очилгани, Самарқандда «Ипак йўли» халқаро туризм университетининг янги биноси фойдаланишга топширилгани хабар қилинган эди.