Самарқандлик тадбиркор Умар Ражабов иши бўйича чиқарилган суд ҳукмига ўзгартириш киритилди

Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳрида «Умар» қурилиш компаниясига раҳбарлик қилган тадбиркор Умар Ражабов иши бўйича чиқарилган суд ҳукмига ўзгартириш киритилди. Бу ҳақда «Zarnews» хабар берди.

Маълум қилинишича, Умар» компанияси томонидан қурилган уйлар шаҳарнинг ЮНEСКО муҳофазасидаги ҳудудда жойлашгани учун бузила бошлангач, мазкур уйларга олдиндан буюртма берганлар пулларини қайтаришни талаб қилган. Шу каби шикоят хатлари сабаб Умар Ражабов ва унинг ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Кейинчалик Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2020 йил 13 январдаги ҳукми билан судланувчиларга нисбатан тегишли жазо чоралари белгиланган.

Хабарга кўра, Жиноят ишлари бўйича вилоят суди апелляция инстанцияси судлов ҳайъатининг 7 октябрдаги қарорига кўра, юқорида қайд қилинган ҳукмнинг Р.О., Р.Р., А.Ш., М.А., ва Ф.Ф.га тегишли қисмига ўзгартириш киритилган.

Юқорида қайд этилган судланувчилардан:

  • жабрланувчи О.Х фойдасига 216 миллион сўм;
  • жабрланувчи М.Ж. фойдасига 266 миллион 220 минг 920 сўм;
  • жабрланувчи Д.С. фойдасига 292 миллион 189 минг 360 сўм;
  • жабрланувчи М.Х. фойдасига 100 миллион 530 минг сўм;
  • жабрланувчи М.Қ. фойдасига 1 миллиард 654 миллион 372 минг 860 сўм;
  • жабрланувчи К.Ғ. фойдасига 573 миллион 899 минг 853 сўм;
  • жабрланувчи М.С. фойдасига 277 миллион 697 минг 250 сўм;
  • жабрланувчи Э.М. фойдасига 385 миллион 69 минг 545 сўм;
  • жабрланувчи Г.Х. фойдасига 365 миллион 760 минг 370 сўм;
  • жабрланувчи Ф.И. фойдасига 247 миллион 205 минг 140 сўм ундирилиши белгиланган.

Бундан ташқари, қуйидаги транспорт воситалари солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ундиришга ҳамда жабрланувчиларга етказилган зарарларни қоплашга қаратилган:

  • «Афросиёб Хосият Бегим Макони» МЧЖ номидаги 51 миллион сўмлик «Зил-133 ГЯ» русумли, 31,5 миллион сўмлик «ВАЗ-2104» русумли, 28,068 миллион сўмлик «Бульдозер Т-170» русумли;
  • «Қурилиш Маҳсулот Транс Сервис» МЧЖ номидаги 70 миллион 432 минг 256 сўмлик «Lacetti» русумли, 32,5 миллион сўмлик «ВАЗ-21041-30» русумли;
  • «Xotam Stroy Invest» МЧЖ номидаги 60 миллион 179 минг 600 сўмлик «Spark» русумли;
  • «Afrosiab Realty» МЧЖ номидаги 50,054 миллион сўмлик «Damas-2» русумли, 48 миллион сўмлик «ЗИЛ ММЗ-554» русумли, 36 миллион 41 минг 678 сўмлик «Spark» русумли.

Шунингдек, Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2020 йил 7 февралдаги жабрланувчи Д.С. фойдасига 288 миллион 189 минг 360 сўм ва жабрланувчи Э.М. фойдасига 385 миллион 69 минг 545 сўм ундириш ҳақидаги қарори бекор қилинган.

Пастдарғом тумани Жума шаҳри «Бўстон» маҳалласида «Afrosiab Realty» МЧЖ томонидан кўп қаватли турар жой бинолари қурилиши бўйича жабрланувчиларга келгусида моддий зарарларни ундириш борасида фуқаровий суд ишларини юритиш тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканликлари тушунтирилган.

Қайд этилишича, суд ҳукми ва апелляция инстанциясининг ажрими билан жабрланувчиларга етказилган моддий зарарларни ундириш учун Мажбурий ижро бюроси ҳудудий бўлимларига ижро варақалари юборилиб, ижроси қонун ҳужжатларига асосан таъминланиши белгиланган.

Бундан аввал Самарқанд шаҳрида корхонадан 416 миллион сўм солиқ қарздорлиги ундирилгани ҳамда Қоракўлда 724 миллион сўм қарзи бор МЧЖнинг «Captiva» ва «Malibu»си хатлангани ҳақида хабар қилинган эди. Кейинчалик Бухорода МИБ қарздор тадбиркорлардан салкам 6 миллиард сўм ундиргани ва Самарқанд шаҳрида таъминотчи корхонага 20 миллион сўмдан ортиқ қарздорлик ундириб берилгани маълум қилинганди.

Янгиликлар