АҚШда «Pfizer» вакцинаси билан боғлиқ жиддий ҳолат қайд этилди

АҚШнинг Нью-Йорк штатидаги тиббиёт муассасаси ходими коронавирусга қарши «Pfizer» вакцинаси билан эмланганидан сўнг жиддий аллергик реакцияга дуч келди. Бу ҳақда 23 декабрь, чоршанба куни «Newsweek» журнали хабар берди.

Фото: «UsaToday»

Нашрнинг таъкидлашича, ҳозирда тиббиёт ходимининг аҳволи барқарор деб баҳоланмоқда. «Вакциналардан фойдаланиш ножўя таъсирларга ва аллергик реакциялар пайдо бўлишига олиб келади, бундай ҳолатлар олдиндан маълум», дейилади хабарда.

Нью-Йорк штати Соғлиқни сақлаш ва руҳий гигиена департаментининг таъкидлашича, вакцина билан боғлиқ турли хил акс таъсирлар юзага келади, аммо бу каби ҳолатлар жуда кам учрайди.

Шу билан бирга, Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш федерал маркази раҳбарияти соғлиқни сақлаш ходимларидан COVID-19 вакцинасини олганларни, агар уларда илгари жиддий аллергия бўлган бўлса, 15–30 дақиқа давомида кузатишни талаб қилган.

Аввалроқ Аляска штати Жуно шаҳридаги Бартлетт минтақавий касалхонасида «Pfizer» ва «BioNTech» компанияларининг коронавирусга қарши вакцинаси билан эмланган икки нафар тиббиёт ходимининг аҳволи ёмонлашгани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар