«Концертда менга ‘баклажка’ улоқтиришган. Тош ҳам отишган». Санъатни тарк этган Жаҳонгир Отажонов иш жараёни ҳақида

Санъатни тарк этган Жаҳонгир Отажонов YouTube’даги «Intervyu TV» каналига берган интервюсида концертда унга «баклажка» улоқтиришгани ҳақида айтиб берди.

Кадр: YouTube

«Бундай ҳолат бир марта содир бўлган. Тароначиларнинг концерти бўларди ҳар йили. Шундай консертларнинг бирида ‘Aлишмайман’ номли қўшиғимни айтиб чиққанимда ‘баклажка’ отишган. Нега отганини билмайман. Иложим йўқ эди. Ишлашим керак эди. Ишлаб, чиқиб кетганман. Сабабини билмайман.

Кейин бир сафар тўйда тошми, кесакми, отишганди. Орқамга текканди», — дейди Жаҳонгир Отажонов.

Суҳбат давомида журналист Жаҳонгир Отажоновга охирги икки йилда тренддан тушмай келгани, кўплаб постлар қўйгани ва улар орасида «Оҳун акани қўшиғини яна айтадиган бўлсанг, сени ўлдириб кетамиз» дейишгани тўғрисидаги постга изоҳ сўраган.

«Устоз Оҳунжон Мадалиевнинг қўшиқларидан фойдаланиш менга умуман керак эмас. Ўзимнинг дунёқарашим, ўзимнинг йўналишим бор. Уларнинг йўналиши эса умуман бошқа жойда. Аслида шеър Иқбол Мирзоники бўлган. Унга Юлдуз Усмонова ҳам мусиқа ёзган, сиз ҳам ёзишингиз мумкин. Одамларнинг бундай фикр билдириши — саводсизлик. Ҳозирча мени ҳеч ким ўлдирмади. Бу каби таҳдидлар фақат интернетда бўлади», — дея жавоб берган Жаҳонгир Отажонов.

Эслатиб ўтамиз, Жаҳонгир Отажонов 10 декабрь куни санъатдан кетганини маълум қилди. У бу ҳақда ўзининг Instagram саҳифасига жойлаган видеосида айтиб ўтганди. Кейинчалик у YouTube каналидaги барча қўшиқларини ўчириб ташлаган.

Шоу-бизнес