Олимлар вакциналарнинг коронавирусдан қанча вақтгача ҳимоя қила олишини аниқлади

Австралиялик олимлар коронавирус билан касалланганлар камида саккиз ой давомида қайта юқтиришдан  холи бўлишини аниқлади. Бу эса COVID-19’га қарши вакциналар саккиз ойга «яроқли» эканини билдиради, деб ёзади «MedicalXpress».

Фото: «Accosiated Press»

«Ушбу тадқиқот SARS-CoV-2 вирусига қарши вакциналар узоқ вақт давомида таъсир кучини сақлаб қолишини кўрсатадиган энг ишончли далилдир», — дейди Австралиянинг Монаш университети олимлари.

Тъкидланишича, мутахассислар коронавирус ташхиси қўйилган 25 кишини жалб қилган ҳолда тадқиқот ўтказган. Зарарланишдан кейинги тўртинчи кундан бошлаб 242 кунгача бўлган даврда беморлардан 36 марта қон намунаси олинган. Тадқиқотчилар антитаналарнинг сони текширувлардан 20 кун ўтгач, камайишни бошлаганини қайд этган.

«Аммо, энг муҳими, барча беморларда ушбу вирусга хос бўлган хотира — В ҳужайралари касалланишдан кейин саккиз ой давомида барқарор бўлди», — дея таъкидлаган мутахассислар. «Бу вакциналар ишлаб чиқарилгандан сўнг улар узоқ муддатли ҳимоя билан таъминланишига умид уйғотди», — деб хулоса қилган Монаш университетининг иммунология ва патология кафедраси ходими Менно ван Селма.

Аввалроқ коронавируснинг янги турида қайси вакцина самара бериши мумкинлиги маълум бўлган эди. АҚШда эса COVID-19’га қарши «Pfizer» вакцинаси билан эмланган шифокорларнинг аҳволи ёмонлашгани ҳақида маълумот берилган.

Янгиликлар