Байден тарихга «Инсониятни жарликдан олиб чиққан президент» номи билан кириши мумкин

АҚШ президенти Жо Байденга 150 дан ортиқ фаоллар, актёрлар, сиёсатчилар, ишбилармонлар, шу жумладан, актёр Леонардо Ди Каприо ва «Amazon» асосчиси Жефф Безос иқлим ўзгаришига қарши чоралар кўришга чақирган очиқ хат билан чиқди.

Фото: Оқ Уй матбуот хизмати

«Сиз ‘Инсониятни жарликдан олиб чиққан иқлим президенти’ сифатида эсланишингиз мумкин. Дунё бўйлаб энергия тизимларида қазиб олинадиган ёқилғи ўрнига тоза энергия ишлаб чиқаришни йўлга қўйишингиз мумкин. Бу орқали кўплаб иш ўринларини яратасиз, ифлосланишни камайтирасиз, иқтисодий, ирқий ва соғлиқни сақлаш тизимидаги тенгсизликни йўқотасиз», дейилади мактубда.

Унга кўра, мактуб муаллифлари Байденнинг АҚШни Париждаги иқлим келишувига қайтариш тўғрисидаги фармонини юқори баҳолаган. Қарор президентликнинг дастлабки соатларидаёқ имзолаган бўлса-да, бу етарли эмаслиги, президент қўлдан келган ҳамма нарсани қилиши кераклиги ҳақида огоҳлантирилган. Ушбу очиқ хатга Ди Каприо ва Безосдан ташқари, яна 150 киши, шу жумладан, актриса Натали Портман, «Mastercard» директорлар кенгаши раиси Ажай Банга, Европа Парламентининг Атроф-муҳит, соғлиқ ва озиқ-овқат хавфсизлиги қўмитаси раиси Паскал Канфин ҳамда актриса Зоуи Дешанель имзо чеккан.

Маълумот учун, тоза энергия — Ер сайёрасида кўмир ёки нефть каби қазилма ёқилғилар билан таққослаганда жуда кўп зарар келтирмайдиган энергия.

Аввалроқ Жо Байден АҚШ президенти бўлганининг биринчи кунида 17 та фармон имзолагани ҳақида хабар берилган эди. Унинг 6-фармонида эса Қўшма Штатлар Париж иқлим тўғрисидаги битимига қайтиши кўрсатилган. Шунингдек, Байден АҚШни дунё саҳнасидаги «ўйин»га қайта олиб чиқишга ваъда бергани хабар қилинган.