Трамп режасини ўзгартирди: у янги партия тузмоқчи эмас

АҚШнинг 45-президенти Дональд Трамп яқин орада мамлакатда демократлар ва республикачилар билан рақобатлашадиган учинчи йирик сиёсий партияни тузиш фикридан воз кечди. Бу ҳақда 24 январь, якшанба куни «Fox News» хабар берди.

Фото: «Reuters»

Шундай қилиб, собиқ президентнинг сайлов штаби маслаҳатчиси Жейсон Миллер янги партия тузиш мумкинлиги ҳақидаги миш-мишларга муносабат билдириб, Трампнинг 2022 йилда Сенат ва АҚШ Конгресси Вакиллар Палатасини республикачиларга қайтаришни мақсад қилганини таъкидлаган. Шу билан бирга, Миллер ушбу ҳаракатлар фонида ҳеч нарса режалаштирилмаганини таъкидлаган.

«The Wall Street Journal»  ва бошқа бир қатор оммавий ахборот воситалари аввалроқ Трамп яқин кунларда шериклари билан янги сиёсий партия тузиш имкониятини муҳокама қилгани ҳақида хабар берганди. Янги партияни эса «Ватанпарварлик партияси» деб атамоқчи экани айтилган.

Газета, шунингдек, «Янги партия тузишда Трамп қай даражада қатъиятли экани ҳали аниқ эмас», деб таъкидлаган. «Унинг кўплаб тарафдорлари бор, уларнинг баъзилари 2016 йилда Трамп ҳокимиятга келгунига қадар Республикачилар партияси сиёсатида қатнашмаган. ‘Учинчи партиялар’ (Республикачилар ва Демократлар партияларидан ташқари, яна бошқа катта сиёсий бирлашмалар) одатда сайловларда муҳим роль ўйнаш учун етарли даражада қўллаб-қувватланмайди. Янги партия тузишга қаратилган ҳар қандай уриниш республикачилар қаршиликларига дуч келиши мумкин», деб қўшимча қилган газета.

Аввалроқ Жо Байден президентликка киришгач, Трампнинг бир қатор фармонларини бекор қилмоқчилиги маълум қилинганди.

Янгиликлар