Жо Байден президентликка киришгач Трампнинг бир қатор фармонларини бекор қилмоқчилиги маълум қилинди

АҚШдаги президентлик сайловларида ғолиб чиққан Демократик партия номзоди Жозеф Байден президент бўлгандан сўнг Дональд Трампнинг бир қатор фармонларини бекор қилмоқчилиги маълум қилинди. Бу ҳақда «The Washington Post» хабар қилди.

Фото: «Reuters»

Хабарга кўра, демократ Париж иқлим келишувига қўшилиб, АҚШнинг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотидан чиқишини бекор қилмоқчи. Таъкидланишича, Жозеф Байден 20 январь куни иш бошлагандан сўнг дарҳол бир қатор фармонларни имзолашни режалаштирган. «The Washington Post» Байден шу тариқа амалдаги президент Дональд Трамп илгари сурган баъзи ташаббусларни бекор қилмоқчи эканлигини хабар қилган.

Шунингдек, у бир қатор мусулмон давлатлар фуқароларининг АҚШга киришларига қўйилган тақиқни бекор қилиши ва болалигида ноқонуний олиб келинган фуқароларнинг мамлакатда қолишларига имкон берадиган дастурни тиклаши мумкин.

Маълумот ўрнида, ҳозирда АҚШда бўлиб ўтаётган президентлик сайловида мамлакатнинг йирик нашрлари Жо Байденнинг ғалабасини таҳмин қилгани ҳақида хабар қилинган эди. Кейинчалик Байден ушбу сайловдаги ўз ғалабасини эълон қилганди.

Aввалроқ Дональд Трамп AҚШда матбуот эркинлиги йўқлигини таъкидлагани хабар қилинганди.