«Ҳудудгазтаъминот» Андижонда «ақлли» газ ҳисоблагич портлаганига изоҳ берди
«Ҳудудгазтаъминот» Андижон вилоятидаги кўп қаватли уйдаги хонадонда «ақлли» газ ҳисоблагич портлаганига изоҳ берди.
Маълум бўлишича, 24 сентябрь куни Андижонда «Технопарк» компаниясининг «ақлли» газ ҳисоблагичи портлагани ҳақида хабар тарқалган.
«Ўрнатишдан 2,5 соат ўтгач портлади. Яхшиям ҳеч ким жабрланмади. Парчаси кўзга кириб кетса нима бўлар эди? Ёки газ сизиб чиқиши сабабли каттароқ портлаш содир бўлганда-чи?» — деб ёзади Facebook фойдаланувчиси.
«Ҳудудгазтаъминот» компаниясининг «Ҳудудгаз Андижон» газ таъминоти филиали маълумотларига таяниб хабар беришича, Андижоннинг Шимолий кичик даҳа 77-уйдаги 15-хонадонда «газ тармоқлари ва ускуналарининг нотўғри эксплуатацияси натижасида келиб чиққан техноген тусдаги фавқулодда ҳолат» содир бўлган.
«Дастлабки тахминларга кўра, ҳисобга олиш ускунаси ичида содир бўлган газ-ҳаво аралашмаси чақнаши унинг бузилишига олиб келган. Мазкур участкага газ ҳисоблаш ускунаси ўрнатилгунга қадар қўшни хонадонларда (учта хонадонда аниқланган) газ тармоқлари учун мўлжалланмаган резина шлангларнинг уланиши натижасида газ қувурига атмосфера ҳавоси тушган», — дейилади хабарда.
Компания тармоқда босим ошиб кетгани сабабли ҳисобга олиш ускунаси бузилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминни рад этган.
«Ҳудугазтаъминот» барча табиий газ истеъмолчиларини газ ускуналари ва уй ичидаги газ тармоқларини техник кўрикдан ўз вақтида ўтказиш, табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузмаслик, ностандарт газ ускуналари ва шланглардан фойдаланмасликка чақирган.
Аввалроқ бухорода 15 мингдан ортиқ хонадонга «ақлли» газ ҳисоблагичлар ўрнатилгани, Тошкент вилоятида «ақлли» газ ҳисоблагичларни ўрнатишда ноқонуний ҳақ талаб қилган шахслар аниқлангани хабар қилинган эди.