Учкўприкда 120 ўринли мактаб янги биноси фойдаланишга топширилди (фото)
Фарғона вилояти Учкўприк туманида 120 ўринли 16-мактабнинг янги 2 қаватли биноси фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 23 октябрь, жума куни мазкур мактаб биноси фойдаланишга топширилган. Тадбирда туман ҳокими, мактаб кузатув кенгаши вакиллари ва ота-оналар иштирок этган.
Таъкидланишича, мактабнинг 240 ўринга мўлжалланган асосий биноси 2007 йилда қурилган. Мактабда 461 нафар ўқувчи икки навбатда ўқиётгани қайд этилган. Қайд этилишича, мактабда 2019-2020 ўқув йилига келиб ўқувчилар сони белгиланган меъёрдан 2 карра кўпроқни ташкил этган. Шу сабабдан 2020 йил инвестиция дастури асосида мазкур таълим масканида 120 ўқувчи ўрнига мўлжалланган янги бино қурилган.
Хабарга кўра, мазкур бинонинг қурилиш ишларига дастур асосида қарийб 1 миллиард сўм маблағ сарфланган.
Бундан аввал Олтиариқда салкам 4 миллиард сўмга таъмирланган мактаб ва Булунғурда 2 миллиард сўмга таъмирланган боғча фойдаланишга топширилгани ҳақида хабар қилинган эди. Кейинчалик Чустда 4,5 миллиард сўмга таъмирланган мактаб ҳамда Бағдодда 420 ўринга мўлжалланган мактаб биноси фойдаланишга топширилгани маълум қилинганди.