Фото: Истанбулдаги тарихий Галата мавлавийхонаси ва Авлиё Антоний черкови
Туркия маданият ва туризм вазирлиги хорижий ва ўзбекистонлик журналистларни 14-20 декабрь кунлари «Шаби арус» тадбирларида иштирок этиш учун мамлкатга таклиф этгани ҳақида хабар берилганди. Сафар давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари Истанбул шаҳрининг Бейўғли туманида жойлашган тарихий обидалар бўйлаб сайёҳат қилиб, хусусан, Галата мавлавийхонаси ва Авлиё Антоний черковининг ўтмиши ва бугунги фаолияти билан танишди. Бу ҳақда «Tez News» мухбири Шоҳруҳ Ҳайдаров хабар қилди.
Галата мавлавийхонаси Бейўғлу туманининг рамзи бўлган Галата минораси яқинидаги Истиқлол кўчасида жойлашган. Бугунги кунда музей сифатида фаолият юритадиган бино 1491 йилда Искандар Пошо томонидан Галата тепаликларида қурилган ва шаҳардаги биринчи мавлавийхона бўлган. Турли даврлардаги таъмирлаш ва кенгайтириш ишлари натижасида у комплексга айланган. 2007 йилда бошланган реставрациялардан сўнг Галата мавлавийхонаси 2011 йил 21 ноябрда музейи номи билан қайта очилган.
Ҳозирги кунда мавлавийхонада само рақси ижро этиладиган зал, дарвеш хоналари, кутубхона, фаввора ва мақбаралар, сардоба, ҳаммом, кир ювиш хонаси ва ошхоналар мавжуд. Мавлавийхонанинг қабристони ҳам бўлиб, унда шайхлар, машҳур мусиқачилар, шоир ва мутафаккирлар дафн этилган. Мавлавийхона, шунингдек, Ғолиб дада ёки Кулиқопи мавлавийхонаси номлари билан ҳам аталади.
1509 йилги Истанбул зилзиласи натижасида мавлавийхона катта зарар кўради. Шунингдек, 1765 йилги ёнғинида унинг кўп қисмига зиён етади. Ярим асрдан сўнг қилинган таъмирлаш ишлари натижасида бино ичида классик турк шеъриятини жамлаган Девон адабиёти музейи очилган. Музейда мусиқа асбоблари, қўлёзмалар ва дарвишларнинг буюмлари ўрин олган. Музей биносида ва пастки қаватдаги дарвеш хоналарида, тасаввуф, диний буюмлар, Галата мавлавийхонаси тарихи ва тасвирий санъат бўлимларини кўриш мумкин.
Aвлиё Aнтоний черкови Рим-католик черковининг энг йирик черковларидан бири бўлиб, Истанбулнинг Бейўғли туманидаги одамлар билан гавжум Истиқлол кўчасида жойлашган. У шаҳарнинг энг чиройли ва муҳташам черковларидан бири ҳисобланади.
1725 йилда қизил ғиштдан қурилган ушбу бино ХХ асрнинг бошларида трамвай йўлини очиш учун бузиб ташланган. Кейинчалик бу ерда ўз ишининг устаси — архитектор Гиулиу Монгери томонидан қайта қурилиш ишлари бошланган. Жараён 1912 йилда ниҳоясига етказилган. Бугунги кунда черков италиан нео-готик ва тоскана-ломбард услубларининг ёрқин намунасидир.
Папа Иоанн XXIII 2003 йилда Истанбулга ташрифи чоғида Aвлиё Aнтоний черковида воизлик қилган. Кейинчалик черковнинг ички айвонида унинг ҳайкали ўрнатилган. Ҳозирги пайтда черков италиялик руҳонийлар томонидан бошқарилади ва ҳар куни ташриф буюрувчилар учун италян, турк, инглиз ва поляк тилларида диний маросимлар ўтказилади.