«Сардоба иши» бўйича ёпиқ суд жараёни бошланди

Олий суд ахборот хизмати 25 декабрь, жума куни «Сардоба иши» бўйича маълумот бериб, жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича ёпиқ суд жараёни бошланганини маълум қилди.

Фото: Telegram

Хабарга кўра, 21 декабрь куни Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан судланувчилар М.Х. («Ўзбекистон темир йўллари» АЖ «Гидротехник иншоотлар қуриш дирекцияси»бошлиғи лавозимида ишлаган) ва бошқалар (жами 17 киши) га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича ёпиқ суд жараёни бошланган.

Ушбу жиноят иши бевосита давлат сирлари билан боғлиқ бўлганлиги сабабли Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси 1-қисми талабларига мувофиқ ёпиқ тарзда кўрилаётганлиги айтилган.

Таъкидланишича, судланувчилар Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 203-моддаси (Сув ёки сув ҳавзаларидан фойдаланиш шартларини бузиш), 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш), 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) ва 258-моддаси (Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш) да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда

Олий суд ахборотида ёзилиўича, ҳозирда суд жараёни давом этмоқда. Ишни кўриб чиқиш натижалари бўйича алоҳида баёнот берилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Сардоба иши» бўйича 17 нафар мансабдорга жиноят иши қўзғатилгани маълум бўлганди. Шунингек, сув омбори талафотлари оқибатида 54 та фермер хўжалигининг 9,5 миллиард сўмлик зарари ҳал этилмагани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар