Дунёда пандемия сабаб қанча одам ишсиз қолгани маълум қилинди

Коронавирус пандемияси сабабли юзага келган иқтисодий инқироз чорак миллиард одамни ишсиз қолдирди, деб хабар бермоқда Халқаро меҳнат ташкилоти.

Фото: «Reuters»

Шундай қилиб, 2020 йил давомида дунё бўйлаб иш соатлари 8,8 фоизга қисқартирилди, бу 255 миллион доимий иш ўрнига тенгдир. Бу даражадаги ишсизлик 2008–2009 йиллардаги молиявий инқироз даврига нисбатан тўрт баравар кўп ҳисобланади.

Меҳнат ташкилотининг маълумотларига кўра, ишсизлик кўрсаткичининг 71 фоизи (81 миллион киши) ишсиз қолиш шаклида эмас, балки ишни ўз хоҳиши билан тарк этиш натижасида юз берган, яъни одамлар меҳнат бозорини тарк этган, ишламай қўйган. Бунинг оқибатида дунёда ишчиларнинг умумий даромади 8,3 фоизга — 3,7 триллион долларга камайган, бу глобал ялпи ички маҳсулотнинг 4,4 фоизини ташкил этади.

Шу билан бирга, меҳнат бозоридаги муаммолар эркакларга қараганда аёлларга кўпроқ таъсир кўрсатган. Жаҳон миқёсида пандемия даврида аёллар учун ишсизлик 5 фоизни ташкил қилган бўлса, эркакларда бу кўрсаткич 3,9 га тенг. Шунингдек, ёшларнинг пандемиядан энг кўп зарар кўраётгани ҳақида хабар берилган. Ёшлар (15–24 ёш) орасида ишсизлик 8,7 фоизни ташкил этган, катталар орасида эса бу 3,7 фоизга тенгдир.

Ҳисоботга кўра, инқироздан энг кўп зарар кўрганлар турар жой ва умумий овқатланиш хизматлари сектори бўлиб, уларда бандлик ўртача 20 фоизга камайган.

Аввалроқ 2020 йилнинг иккинчи чораги меҳнат бозори учун кутилганидан кўра аянчлироқ келиши, ушбу даврда 300 млндан ортиқ иш ўрни йўқотилиши мумкинлиги тахмин қилинган эди. Шунингдек, Ўзбекистонда 2020 йилда қанча фуқаро мономарказларга иш сўраб мурожаат қилгани очиқланган.