Самарқандда аҳоли яшаётган кўп қаватли уйнинг 2 қавати олиб ташланишига изоҳ берилди

Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳрида аҳолиси бинога кўчиб ўтганига кўп бўлмаган кўп қаватли уйнинг 2 қавати олиб ташланади. Вилоят Қурилиш бошқармаси мазкур ҳолатга изоҳ берди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, мазкур кўп қаватли бино қурилиш ишлари Самарқанд шаҳар ҳокимининг 2017 йил 23 мартдаги қарорига асосан «Пастдарғом қурилиш моллари» МЧЖ томонидан олиб борилганини билдирган. Бино қурилишида тегишли ташкилотлардан хулоса ва рухсатномалар олинган. Жумладан, қурилиш-монтаж ишлари Самарқанд вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси томонидан 2017 йилнинг 4 cентябрдан 794/17-сон билан рўйхатга олинган ва назорат ишлари олиб борилган.

Лекин объект қурилиши Республика Ишчи гуруҳи томонидан ўрганиб чиқилганида бино Самарқанд шаҳри тарихий марказининг муҳофаза ҳудудида жойлашганлиги сабабли турар-жой биносининг 7-қаватдан юқори қисми 8, 9-қаватлари бузилиши белгиланган. Қурилиш-монтаж ишлари тўлиқ якунланмаганлиги ва Республика ишчи гуруҳи томонидан қўйилган талаб бажарилмаганлиги, яъни юқорида назарда тутилган 2 қават бузилмагани сабабли мазкур объект инспекция томонидан фойдаланишга қабул қилинмаган.

Қайд этилишича, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги бинонинг 8, 9-қаватларни бузиш тўғрисида 2019 йил 13 мартда шаҳар иқтисодий судига даъво ариза киритган. Суднинг 2019 йил 8 майдаги ажрими билан иш юритиш тугатилган.

Маданият вазирлиги ҳамда «ТошкентбошпланЛИТИ» ДУК билан биргаликда бино баландлиги ҳамда шаҳарсозлик нормаси бўйича хулоса берилган. Бинони бузиш бўйича буюртмачи томонидан лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда мулк эгаси томонидан бузилиш белгиланган. Ҳозирда, бугунги кунда Маданий меърос бошқармаси талабларига мувофиқ объектнинг баландлик масаласи кўриб чиқилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Жиззах шаҳар Зилол маҳалласи Мустақиллик кўчасида янгидан қурилаётган кўпқаватли уйлардан бири 10 январь саот 17:15 лар атрофида қулаб тушганди. Жиззах вилоят фавуқулодда вазиятлар бошқармасининг маълум қилишича, ушбу 6 қаватли бино фойдаланишга топширилмаган. Бош прокуратура бино қулабтушиши оқибатида жабрланганлар ва вафот этганлар йўқлигини маълум қилган.

Кейинчалик, мазкур иш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойиши билан бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов раҳбарлигида Ҳукумат комиссияси тузилган. Орадан вақт ўтиб, ушбу ҳолат юзасидан вилоят қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси мансабдор шахсларига нисбатан жиноий иш қўзғатилган.

Янгиликлар