Бухорода автомобилнинг орқа ён ойнасига парда ўрнатиш масаласидаги маъмурий ҳуқуқбузарлик иши суд томонидан фуқаро фойдасига тугатилди

Бухорода автомобилнинг орқа ён ойналарига парда ўрнатгани учун ҳайдовчига нисбатан қўлланилган маъмурий ҳуқуқбузарлик нотўғри бўлиб чиқди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «bibi.uz»

Маълум бўлишича, ҳайдовчи Б.Бахранов 18 апрель куни Бухоро шаҳридаги Ислом Каримов кўчасида ўзининг «Nexia»сини бошқариб кетаётганда шаҳар йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими ходими томонидан тўхтатилиб, текширилади ва унга автомашина орқа ён эшик ойналарига парда ўрнатгани учун йўл ҳаракати қоидаларининг 3-иловаси 7.3-банди талабларини бузганлиги билдирилган ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидагги кодекснинг 126-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилган, машинаси эса жарима майдончасига жойлаштирилган.

Ҳайдовчи кўрилган чора нечоғли асослигига аниқлик киритиш учун дастлаб “Ўзстандарт” агентлигига, кейин эса ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасига мурожаат этади. Улар йўл ҳаракати қоидаларида ёки бошқа қонунларда автомашина орқа ён эшикларига парда ўрнатиш тақиқланиши кўрсатилмагани, фуқаро ҳақлигини тасдиқлайди.

Шу сабабди Б.Бахранов Бухоро шаҳар прокуратурасига мурожаат қилган. Прокуратура ҳолатни ўрганиб, қонунга зид ҳолда баённомани бекор қилиш тўғрисида шаҳар йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимига протест киритган.

Шундан сўнг бўлим мазкур ишни кўриб чиқиш юзасидан маъмурий судига ариза билан мурожаат қилади. 2019 йил 6 сентябрь куни шаҳар маъмурий суди ишни кўриб чиқади. Суд қарорига мувофиқ, Б.Бахрановнинг ҳаракатларида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари йўқлиги сабабли унга нисбатан бўлган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш тугатилган.

2019 йил 2 октябрь куни Бухоро вилояти маъмурий судида Бухоро шаҳар маъмурий судининг 2019 йил 6 сентябрдаги қарорига нисбатан Бухоро вилоят ИИБ ЙҲХБ томонидан келтирилган кассация шикояти кўриб чиқилган.

Кассация инстанцияси судининг қарорига Бухоро шаҳар маъмурий судининг 2019 йил 6 сентябрдаги Б.Бахрановга оид қарори ўзгаришсиз, шикоят қаноатлантиришсиз қолдирилган.

2020 йил 25 август куни Олий суди Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан Ички ишлар вазирлиги Бухоро шаҳар маъмурий судининг 2019 йил 6 сентябрдаги қарори ва Бухоро вилояти маъмурий судининг 2019 йил 2 октябрдаги қарори устидан берган назорат тартибидаги шикояти кўриб чиқилиб, ушбу суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган ва фуқаро судда ғолиб бўлган.

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида автомобиль ойналари тусини ўзгартириш учун белгиланган тўловларни бекор қилиш бўйича таклиф тайёрлагани хабар берилган эди.

Янгиликлар