Андижонда сўнгги 9 ойда ДХА томонидан қанча мурожаат ҳал этилгани маълум бўлди
Давлат хизматлари агентлиги Андижон вилоят бошқармаси бўлимларида сўнгги 9 ой давомида 430 мингдан ортиқ мурожаатлар қаноатлантирилган ва 31 мингга яқин мурожаатлар ваколатли органлар томонидан тегишли тартибда рад этилган. Бу ҳақда ДХА вилоят бошқармаси «Tez News»га хабар берди.
Маълум қилинишича, вилоятда сўнгги 9 ой давомида мавжуд 16 та шаҳар ва туманлар Давлат хизматлари марказлари ҳамда уларнинг 4 та филиаллари томонидан 144 та турдаги давлат хизматлари кўрсатиш юзасидан жами 461 мингга яқин мурожаат келиб тушган.
«Мурожаатларнинг асосий қисмини судланмаганлик, номида уй-жой мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотномалар олиш, кадастр, тадбиркорлик субъектини рўйхатдан ва қайта рўйхатдан ўтказиш, руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳамда наркология диспансери ҳисобида туриши ёки турмаслиги тўғрисидаги маълумотнома сингари хизматлар ташкил этмоқда. Шу кунга қадар ДХМлар томонидан жами 6967 та юридик ва 14766 та жисмоний шахслар тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди. Шунингдек хорижий инвестиция иштирокида, жами 207 та корхона давлат рўйхатидан ўтган бўлиб, шундан 156 таси қўшма корхона, 70 таси хорижий корхонани ташкил этади», — дейди Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Маҳмуд Абдижалиев.
Таъкидланишича, қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан таъсир чораларини қўллаш соҳасида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан давлат хизматлари кўрсатилиши устидан назорат қилиш бўлими томонидан жами 7870 та қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган. Мазкур қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан бир нечта давлат органлари ва бошқа ташкилотларга 142 та ёзма огоҳлантириш ҳамда 13 та тақдимнома киритилган.
Шунингдек, мазкур ҳолатларга асосан ДХА вилоят бошқармаси томонидан 156 нафар ҳуқуқбузарга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. Бундан ташқари давлат хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг мансабдор шахслари ва ходимларининг 98 нафари маъмурий жазога тортилган ҳамда ўз вазифасига эътиборсизлик билан қараган 31 нафар ходимга нисбатан интизомий таъсир чоралари қўлланилган. Шу билан бирга, тақдимномаларнинг ижроси бўйича 12 нафар хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг мансабдорлари ҳамда ходимлари интизомий жавобгарликка тортилган.
Аввалроқ Бухорода сўнгги 9 ойда қанча туғилиш қайд этилгани ва Фарғона туман маъмурий судида сўнгги 9 ойда қанча иш кўрилгани ҳақида хабар қилинган эди. Сўнгра Наманган шаҳрида сўнгги 9 ойда аҳоли жон бошига кўрсатилган хизматлар ҳажми 2,4 фоизга ошгани ҳамда Андижонда сўнгги 9 ойда қанча ажрим ҳолати кузатилгани маълум қилинганди.