Хитойнинг пандемияга қарши курашда қандай ёрдам кўрсатгани айтилди

Хитой президенти Си Цзиньпин Жаҳон иқтисодий форумида сўзга чиқиб, коронавирус пандемияси Иккинчи Жаҳон урушидан кейинги энг ёмон иқтисодий таназзулни бошлаб бергани ва Хитойнинг COVID-19 билан курашишда қандай ёрдам бераётгани ҳақида гапирди.

Фото: «china-files»

Хитой раҳбарининг сўзларига кўра, коронавирус — дунё мамлакатлари раҳбарларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли ҳал қилиниши керак бўлган муаммо. Унинг таъкидлашича, халқаро ҳамкорлик шиори остида ҳар қандай алоҳида давлат ўз манфаатларини дунё миқёсида бир томонлама тарғиб қилиб, бошқа давлатларни манипуляция қилишга уринаётган ҳолатлардан қочиш керак.

Таъкидланишича, мамлакатлар иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш чораларига триллионлаб доллар сарфлаган, аммо шунга қарамай, глобал иқтисодий вазият ҳали ҳам беқарор.

«Хитой шу пайтга қадар пандемияга қарши курашда 150 дан ортиқ мамлакатларга ва 13 халқаро ташкилотларга ёрдам кўрсатди, 36 та тиббий эксперт гуруҳларини камбағал мамлакатларга юборди, вакциналар бўйича халқаро ҳамкорликни фаол қўллаб-қувватлади ва иштирок этди», — дейди ХХР раиси.

Си Цзиньпиннинг сўзларига кўра, коронавирусга қарши вакцинани ишлаб чиқаришда ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилиши керак. Вакцина билан, шунингдек, барча мамлакатлар ва халқлар бирдек таъминлаши керак. Президент, бундан ташқари, ҳозирги энг муҳим вазифалардан бири макроиқтисодий сиёсат координациясини кучайтириш эканини айтиб ўтган.

Аввалроқ дунёда ҳозиргача COVID-19’га қарши курашга қанча маблағ сарфлангани айтилган эди.