Марҳум шарқшунос олим Андрей Кубатин ва унинг оиласига етказилган зарарни ундириш бўйича суд бошланди

Давлатга ҳиёнат қилишда айбланиб, ноҳақ қамалган ва 2019 йил 26 сентябрь куни оқланиб, тўлиқ озод этилган марҳум олим Андрей Кубатин ва унинг оиласига етказилган зарарни ундириш бўйича суд бошланди. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар берди.

Фото: «Kun.uz»

Хабарга кўра, 25 январь куни марҳум турколог олим Андрей Кубатиннинг ноҳақ қамалгани, қамоқхонада унга нисбатан амалга оширилган босим, шунингдек, бунинг ортидан Кубатиннинг турмуш ўртоғи, фарзанди, онаси ва опасига етказилган маънавий зарарни қоплаш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судида суд мажлиси бўлиб ўтган. Маънавий зарар ундириш бўйича даъвони марҳумнинг опаси Клара Сахарова киритган.

Жавобгар сифатида Тошкент шаҳар Молия бошқармаси судга жалб этилган ва етказилган маънавий зарар учун 3,5 миллиард сўм маблағ ундириш сўралган. Суд музокаралари давомида Андрей Кубатиннинг опаси ва турмуш ўртоғи даъво суммасини қўллаб-қувватлаган. Жавобгар, Тошкент шаҳар Молия бошқармаси вакили ушбу сумма давлат буджети ҳисобидан эмас, балки марҳумга маънавий зарар етишига сабаб бўлган органлар, уни тергов қилган ташкилотлар, прокуратура ва айблов ҳукмини чиқарган суд томонидан қопланиши кераклигини айтган.

Фото: «Kun.uz»

Судья Ҳилола Эргашева иш бўйича бошқа масалаларни ўрганиб чиқиш мақсадида суд мажлисида танаффус эълон қилган. Клара Сахарованинг айтишича, у 2020 йилда Ўзбекистон ҳарбий судига 560 миллион сўм миқдорида моддий зарарни қоплаш тўғрисида ариза билан мурожаат қилган. 560 миллион сўмлик моддий зарар — марҳум олимнинг 2,5 йил қамоқда ўтирган давридаги ойлик иш ҳақлари, турли илмий ишлари учун тўланган моддий рағбатлантиришлар, шу давр давомида қамоқхонага олиб борилган дори-дармон ва кийим-кечаклар, олимнинг яқинлари томонидан юзлаб давлат ташкилотларига арз қилиш учун кетган йўлкира ва бошқа харажатларни ҳисобга олган ҳолда ҳисобланган.

Таъкидланишича, суд Клара Сахарованинг даъвосини қисман қаноатлантириб, суд харажатлари учун сарфланган 462 минг сўмни ундириш тўғрисида қарор чиқарган. Ҳозирда Клара Сахарова ушбу суд қарори устидан апелляция тартибида шикоят берган, суд жараёнлари давом этмоқда.

Фото: «Kun.uz»

Маълумот учун, Тошкент давлат шарқшунослик институтининг катта ўқитувчиси бўлиб ишлаган турколог олим Андрей Кубатин 2017 йили Жиноят кодексининг 157-моддаси (Давлатга хоинлик қилиш)да назарда тутилган жиноятни содир этишда айбланиб, ҳибсга олинган эди. «Чет эл олимига ноёб китобларнинг сканер қилинган нусхаларини топширгани» ҳақидаги айблов хулосаси билан олимга нисбатан ўша йили 11 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди, апелляциядан сўнг бу муддат 5 йилга туширилган.

Бу орада Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва Кубатинни таниган дунёдаги йирик бошқа олимлар бу иш уюштирилганини айтиб, президентга мурожаат қилди. 2019 йил 26 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судида Андрей Кубатиннинг иши қайта кўриб чиқилган ва олим тўлиқ оқланиб, суд залидан озод этилган.

Эслатиб ўтамиз, тарихчи, шарқшунос олим Андрей Кубатин 29 октябрь, пайшанба куни коронавирус асоратларидан вафот этган. Олим туркий халқлар тарихига оид учта монография ва саксондан ортиқ илмий мақолалар ёзган. Шунингдек, Ўзбекистон ва туркийлар тарихини ўрганишда катта ҳисса қўшган инсон ҳисобланади.

Янгиликлар