Ўзбекистонда ҳанузгача йўналишсиз таксилар салони целлофан пакетлар билан ажратиб қўйилганига изоҳ берилди

АОКАдаги 26 январь кунги матбуот анжуманида Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси бўлим бошлиғи Аҳрорхўжа Тошхўжаев ҳанузгача йўналишсиз таксилар салони целлофан пакетлар билан ажратиб қўйилганига изоҳ берди.

Фото: Транспорт вазирлиги ахборот хизмати

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда карантин чекловлари бекор қилинмагани сабабли мамлакатда йўналишсиз таксилар салони целлофан пакет билан ажратиб қўйилган. «Чунки ҳозирда мамлакатда карантин чекловлари бекор қилинмаган. Бу бўйича биз қўшимча таклифлар киритиб борамиз», — дейди бўлим бошлиғи.

Таъкидланишича, ривожланган давлатларда одамлар метро бекатига шахсий автоуловида келиб, уни метро ёнидаги автотураргоҳга қўяди ва йўлини жамоат транспортида давом эттиради. Ўзбекистонда ҳам ана шундай тизим ва йирик автотураргоҳларни ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Ҳозирда турк муҳандислари билан ўрганиш-таҳлил ишлари олиб борилмоқда. Бу шаҳардаги тирбандликни камайтириш ва жамоат транспорти ҳаракати учун қулай шароит яратиш учун муҳим.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳрида 500 мингдан ортиқ шахсий транспорт рўйхатга олинган. Жамоат транспорти орқали эса ўртача 480 минг йўловчи ташилмоқда. Яъни шаҳар аҳолисининг 10 тадан атиги 2 таси жамоат транспортидан фойдаланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олий Мажлис депутатлари такси ҳайдовчиларидан лицензия талаб қилмаслик таклифини берган эди.

Янгиликлар