Aндижонда фуқарога 20 млн сўм эвазига ер олиб беришни ваъда қилган фирибгар қўлга олинди
Aндижон вилояти Aндижон шаҳрида 20 миллион сўм эвазига ер олиб бермоқчи бўлган фирибгар Р.A. қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.
Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва ДХХнинг Aндижон вилоят бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Р.A. фуқаро Б.Р.нинг ишончига кириб, Aндижон шаҳридаги «Боғи Эрам» МФЙ ҳудудидан 0,04 гектар бўш турган ер майдонини Б.Р.нинг номига турар жойга эгалик қилиш ҳуқуқи бўйича кадастр ҳужжатларини юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали расмийлаштириб беришини ваъда қилган ҳамда эвазига 20 миллион сўм олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Р.A.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми ва 28, 211-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Aндижонда ҳокимликдаги танишлари орқали 2 гектар ер олиб беришни айтиб, эвазига 30 минг доллар сўраган мансабдор қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Aндижонда бир бош қорамол ўғирлаган шахслар уни 7 миллион сўмга сотаётган вақтида қўлга олингани маълум қилинди.