«Энди одамларни қуруқ ваъдалар билан алдаб бўлмайди» — Шуҳрат Абдураҳмонов

Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов «Халқ сўзи»га берган интервьюсида пандемия шароитида иқтисодиётни юксалтириш, ижтимоий аҳволни яхшилаш бўйича янгича ёндашув кераклигини маълум қилди.

Ҳокимнинг таъкидлашича, одамлар эртага ёки келажакда эмас, бугун яхши яшаши кераклиги тамойилини биринчи ўринга қўйилган. Бугунги кунда халқнинг тафаккури, дунёқараши, талаб ва эҳтиёжлари бутунлай ўзгарган. Одамлар ҳар қачонгидан кўра сиёсий, ҳуқуқий жиҳатдан фаол, ўз фикрини очиқ айта олади. Бу, албатта, энди одамларни шунчаки қуруқ ваъдалар билан алдаб бўлмаслигини, уларга амалий ишларни кўрсатиш вақти келганини англатади.

«Оддий мисол, депутатлик фаолиятини олиб кўрайлик. Олдинги депутатлар билан бугунги кун депутатларининг ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Халқ ўзлари сайлаган вакиллар айни пайтда мавжуд вазиятни танқидий таҳлил қилган ҳолда муаммолар ечими бўйича ўз фикрлари ва таклифларини дадил билдиришмоқда. Ҳудудларнинг муаммолари билан боғлиқ масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш талаби билан юбориладиган депутатлик сўровлари сони ошганлиги, хусусан, ўтган давр мобайнида биргина Андижон вилоятининг ўзида 198 та депутатлик сўровлари киритилиб (164 таси ҳал этилган 34 таси назоратга олинган), уларда муҳим ташаббуслар илгари сурилганлиги, улар кўплаб долзарб масалалар ечимига хизмат қилганини таъкидлаш лозим, деб ҳисоблайман», — дейди Шуҳрат Абдураҳмонов.

Шунингдек, ҳоким аҳоли бандлиги ва даромадини таъминлаш, эҳтиёжмандларга ёрдам бериш ва камбағалликни қисқартириш бўйича янгича ёндашув кераклигини қайд этди.

«Лекин, тан олиш керак, хайрли амалларни бажариш бугунги вазиятда осон бўлмаяпти. Коронавирус карантинидан босқичма-босқич чиқиш жараёнида, вилоят иқтисодиётини тўлиқ юргазиб юбориш, аҳоли бандлиги ва даромадини таъминлаш, эҳтиёжмандларга ёрдам бериш ва камбағалликни қисқартириш бўйича янгича ёндашувларни талаб этмоқда. Бу вируснинг давосини топиш учун ҳали кўп вақт кераклигини тушунган ҳолда пандемия шароитида яшаш ва ишлашни ўрганмоқдамиз», — деб таъкидлади Андижон вилоят ҳокими.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон вилояти Пахтаобод туманида «темир дафтар»даги фуқароларга қанча маблағ ажратилгани маълум қилинган. Шунингдек, Марҳаматда «темир дафтар»даги фуқароларга бройлер жўжалари тарқатилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар