Пахтаободда «темир дафтар»даги фуқароларга қанча маблағ ажратилгани маълум бўлди

Андижон вилояти Пахтаобод туманида «темир дафтар»даги фуқароларга жами 1 миллиард 719 миллион 100 минг сўм миқдоридаги ёрдам пуллари етказиб берилди. Бу ҳақда тумани ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Пахтаобод тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Қайд этилишича, пандемия шароитида аҳолининг эҳтиёжманд қатламини моддий қўллаб-қувватлаш ҳақидаги Президент фармонга мувофиқ «темир дафтар»га киритилган фуқароларга моддий ёрдам пуллари берилиши белгиланган. Бу борада Пахтаобод туманида ҳам режа асосда иш ташкил этилиб, назарда тутилган фуқароларга босқичма-босқич ёрдам пуллари етказиб берилди.

Фото: Пахтаобод тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Туман ҳокимлигида рўйхатга олинган эҳтиёжманд фуқароларга 23 август куни ёрдам пуллари тарқатилиши якунланди. Шу кунга қадар туман бўйича 1955 та хонадонларга бирикиб истиқомат қилаётган 7763 нафар фуқарога жами 1 миллиард 719 миллион 100 минг сўм миқдоридаги ёрдам пуллари етказиб берилди.

Аввалроқ Марҳаматда «темир дафтар»даги фуқароларга бройлер жўжалари, Бухорода Миллий гвардия томонидан оилавий шароити оғир фуқароларга қорамол ҳамда Сирдарёда «темир датар»га киритилган 731 та оилага салкам 601 миллион сўм пул тарқатилгани ҳақида хабар берилганди.

Бундан ташқари, Самарқандда 18 824 нафар фуқарога 220 минг сўмдан моддий ёрдам пули, Қоракўлда «темир дафтар»га киритилган оилаларга қарийб 2 миллиард сўм ва Андижон шаҳрида эҳтиёжманд оилаларнинг 518 нафар аъзосига 113 миллион сўмдан ортиқ пул маблағлари тарқатилгаги маълум бўлган.

Янгиликлар