Кувайт–Тошкент йўналиши бўйича мунтазам авиарейслар амалга оширилади

Кувайт–Тошкент йўналиши бўйича мунтазам авиарейслар амалга оширилади. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Кувайтнинг «Jazeera Airways» авиакомпанияси вице-президенти Равиндран Бхаратхан бошчилигидаги делегацияси билан ўтказилган музокарада маълум қилди, дея хабар бермоқда қўмита матбуот хизмати «Tez News»га.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати

Музокаралар давомида Кувайтдан Ўзбекистоннинг шаҳарларига тўғридан-тўғри авиарейсларни йўлга қўйиш, мамлакатга кувайтлик сайёҳлар оқимини ошириш ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган. Кувайт томонга Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти, туризм соҳасидаги ислоҳотлар, фуқаролик авиаташувлари бозорини либераллаштиришга оид чора-тадбирлар, ҳудудий аэропортларда «очиқ осмон режими»нинг жорий қилиниши ҳақида батафсил маълумот берилган.

Шунингдек, республикада жаҳон хавфсизлик стандартларига жавоб берувчи ва тиббиёт соҳасидаги сўнгги ютуқларга мувофиқ сайёҳлар учун яратилган янги «Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED» санитар-эпидемиологик хавфсизлик тизимига эътибор қаратилган. Кувайт делегацияси вакиллари 2021 йилнинг март ойидан Кувайт–Тошкент йўналиши бўйича мунтазам авиарейс очилишига, келгусида эса Ўзбекистоннинг бошқа туристик марказларига авиақатновларни йўлга қўйишга қизиқиш билдиришган.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раҳбарияти меҳмонларни «Jazeera Airways»нинг Ўзбекистонга парвозлар географиясини кенгайтиришга доир ташаббусларини тўлиқ қўллаб-қувватлашга ҳамда тез орада авиарейсларни йўлга қўйишга рухсат олишга кўмак беришини билдирган. Учрашувлар якунига кўра, томонлар Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини Кувайтда тарғиб қилиш, ушбу араб давлатида мамлакатимизнинг танилиши ва сайёҳлар оқимини оширишга йўналтирилган промо-тадбирлар ва инфо-турларни биргаликда ўтказишга келишиб олишган.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати

Маълумот ўрнида, «Jazeera Airways» Кувайтнинг энг йирик авиакомпанияларидан бири бўлиб, Европа, Яқин Шарқ ва Осиёнинг 40 га яқин мамлакатига мунтазам рейсларни амалга оширади ҳамда энг янги A320 самолётлар паркига эга.

Аввалроқ Ўзбекистон–Тожикистон ўртасида доимий авиарейслар тиклангани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар