Самарқандда ҳайдовчилар одам талашиб, муштлашиб кетди — видео

Самарқанд шаҳрида 22 январь куни Даҳбед ва Рудакий кўчалари кесишган чорраҳада автобус ва такси ҳайдовчилари ўртасида жанжал юзага келди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Кадр: YouTube / Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси

Маълум бўлишича чорраҳа яқинида киракашлик фаолияти билан шуғилланувчи ушбу шахслар йўловчи талашиб, ўрталарида келиб чиққан келишмовчилик натижасида жанжал чиқариб, жамоат тартибини бузган.

Ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ 6-сонли ИИБ ходимлари томонидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилиб, ушбу ҳуқуқбузарликни 1996 йилда туғилган К.О., 1996 йилда туғилган К.Х., 1979 йилда туғилган А.А., 1996 йилда туғилган Р.Т., 1984 йилда туғилган Б.З.лар содир этганлиги аниқланган.

Ушбу ҳуқуқбузарликни содир қилган барча шахсларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилиб тўпланган ҳужжатлар қонуний қарор қабул қилиш учун Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига юборилган.

Бундан ташқари, Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан автобусга белгиланган меъёрдан ортиқ йўловчи миндириб ҳаракатланган ҳайдовчига нисбатан маъмурий тартибда чора кўрилиб, Транспорт бошқармаси ходимлари билан биргаликда профилактик суҳбатлар ўтказилган.

Аввалроқ Самарқандда йўл таъмири масаласида келишолмаган фуқаро қўшни йигитга ўроқ билан ҳужум қилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Хоразмда «ГАИ» ва ҳайдовчи ўртасида келиб чиққан жанжал юзасидан маълумот берилган.

Янгиликлар