Шавкат Мирзиёев Корея президенти билан қатор битимларни имзолади

Шавкат Мирзиёев 28 январь, пайшанба куни Корея Республикаси президенти Мун Чже Ин билан видеоанжуман шаклида учрашув ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Таъкидланишича, ушбу саммитни ўтказиш тўғрисидаги келишув давлат раҳбарларининг 2020 йил октябрь ойидаги мулоқотлари давомида эришилган эди. Бугунги музокаралар кун тартибидан Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва алоҳида стратегик шериклик ришталарини ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари ўрин олди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Президенти корейс томони янги коронавирус инфекциясига қарши курашиш борасидаги халқаро саъй-ҳаракатларга салмоқли ҳисса қўшаётганини юксак баҳолади ҳамда ушбу хавфли касалликнинг олдини олиш, унга чалинганларни самарали даволаш ва реабилитация қилишда мамлакатимизга кўрсатилаётган катта амалий кўмак учун миннатдорчилик билдирди. Давлат раҳбарлари икки томонлама муносабатлар борасида сўз юритар эканлар, алоҳида стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш ва ҳамкорликни ҳар томонлама кенгайтириш тарафдори эканликларини таъкидлади.

Мунтазам сиёсий маслаҳатлашувларни давом эттириш ва парламентлараро алмашинувларни фаоллаштириш, мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлаш бўйича икки томонлама тадбирлар дастурини тайёрлаш юзасидан келишувларга эришилди.

Олий, касб-ҳунар ва мактабгача таълим, соғлиқни сақлаш, маданий мерос объектларини рақамлаштириш ва реставрация қилиш соҳаларидаги ҳамкорликнинг жорий ва истиқболли дастурлари кўриб чиқилди. Президентлар Ўзбекистон ҳудудларида Жанубий Корея етакчи университетларининг филиаллари ва кадрларни профессионал тайёрлаш бўйича қўшма марказлар сони ортиб бораётганини мамнуният билан қайд этдилар. Етакчи олий таълим муассасаларида ўзбек ва корейс тилларини ўқитишни кенгайтиришга, шунингдек, корейс диаспорасини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Таъкидланганидек, 2021 йилда жанубий кореялик ҳамкорлар иштирокида амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида жами 400 миллион долларгача инвестицияларни ўзлаштириш кутилмоқда. Бундан ташқари, юқори технологик соҳаларда, шу жумладан энергетика, нефть-газ, кимё ва нефть-кимё, фармацевтика, қайта ишлаш саноати, қишлоқ хўжалиги, инфратузилмани модернизация қилиш, транспорт ва логистика, туризм ва кўплаб бошқа тармоқларда қиймати жами 3,4 миллиард доллардан зиёд бўлган 55 та янги лойиҳа тайёрланмоқда.

Икки томонлама устувор дастурларни амалга оширишда Иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш фонди (EDCF) ва Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) билан самарали шериклик олиб борилаётгани юксак баҳоланди. Давлат раҳбарлари ўзаро савдо ҳажмини кўпайтириш муҳим эканини таъкидладилар. Кейинги йилларда товар айирбошлашда рекорд кўрсаткичларга эришилди. Экспорт-импорт амалиётлари ўртасидаги номутаносибликни текислаш ва уларнинг номенклатурасини диверсификация қилиш масалаларига, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш ҳажмини ошириш учун фитосанитария хизматларининг ҳамкорлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Президент Мун Чже Ин Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши масаласига ҳар томонлама кўмаклашишини яна бир бор тасдиқлади. Саммит чоғида глобал ва минтақавий аҳамиятга эга масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Давлат раҳбарлари экология соҳасидаги ҳамкорлик, шу жумладан Оролбўйи минтақаси учун кўп шериклик асосидаги Траст фонди фаолиятини қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида тўхталди.

Саммит якунида бўлажак олий даражадаги тадбирлар режаси кўриб чиқилди. Президент Мун Чже Ин Президент Шавкат Мирзиёевга Корея Республикаси ташриф билан келиш тўғрисидаги таклифини тасдиқлади. «Тўртинчи саноат инқилоби»га кўмаклашиш мақсадида рақамлаштириш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида меморандум, EDCF билан ҳамкорлик бўйича уч йилга мўлжалланган 1 миллиард долларлик дастурни амалга ошириш бўйича битим, замонавий кўп тармоқли клиника ва лойиҳавий институт – Кимёвий технологиялар марказини қуриш лойиҳалари бўйича заём битимлари имзоланди.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев пандемияга қарши курашда ёрдами учун Корея президентига миннатдорлик билдиргани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар