Тошкент вилоятида эркак 2,5 ёшли қизни бошига уриб ўлдирди — фото
Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида эркак 2,5 ёшли қизни уриб ўлдирди. Бу ҳақда Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи полковник Тоҳир Арипов бошчилигидаги йиғилишда маълумот берилди.
Қайд этилишича, 27 январь куни Ангрен шаҳрида содир этилган қотиллик жинояти юзасидан Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи полковник Тоҳир Арипов бошчилигида жамоатчилик муҳокамаси бўлиб ўтган. ИИББ бошлиғи йиғилишда ўтган йилдаги жиноятлар таҳлилига тўхтатилиб, йўл қўйилган камчиликлар хусусида гапирган.
Биргина Ангрен шаҳри мисолида ҳам айрим жиноятлар камайган бўлса, айримларининг ошганини танқид қилган. Хусусан, 2021 йил 14 январь куни содир бўлган жиноят — икки ярим яшар қизалоқ ўлимининг олдини олиш мумкинлиги, бунга омил ва сабаб бўлган ҳолатларга алоҳида тўхталган.
Таъкидланишича, жиноят содир этганликда гумонланган шахс — бир неча ойдан буён таниши билан никоҳсиз яшаб келаётган Анвар Раимов (исми шарифи ўзгартирилган) таниши Зилола (исми ўзгартирилган) ва унинг 2018 йилда туғилган қизи билан бир неча ойдан буён ижара уйда яшаб келган.
14 январь куни эса Зилола қизини уйда қолдириб дўконга чиқиб кетган. Шу вақтида бола йиғлаб хархаша қилгани учун уни тинчлантириш мақсадида Анвар боланинг бош қисмига урган ва шу билан қизалоқ жим бўлиб қолган.
Ҳолат юзасидан тайинланган экспертиза хулосасига кўра қизалоқ олган тан жароҳатлари юзасидан вафот этганлиги тасдиқланган. Гумонланувчи йиғилишда ўз пушаймонлигини билдириб, халқдан узр сўради.
Йиғилиш сўнгида Бош бошқарма бошлиғи томонидан хизматида камчиликларга йўл қўйган ҳудудий профилактика инспектори ва маҳалла раисига «ҳайфсан» интизомий жазоси эълон қилинган.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида ота икки нафар фарзандини ўлдириш билан таҳдид қилганди. Кейинчалик ота нима сабабдан бундай қилганини айтиб берган.