Жиззахда 2 ойлик чақалоғини уриб ўлдирган отага суд ҳукми ўқилди — видео
Жиззах вилояти Зомин туманида 2 ойлик чақалоғини ўлдирган отага суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, воқеага эркакнинг шаърий никоҳдаги хотини билан жанжаллашиши сабаб бўлган. 2020 йилнинг сентябрь ойида аёл эрининг собиқ турмуш ўртоғи билан телефон орқали гаплашаётганидан хабар топгач, жанжал бошланган. Шундан сўнг эркак чойнак билан хотиннинг бошига урган.
9 октябрь куни соат 23:00 да эр-хотиннинг бешикда ётган чақалоғи йиғлай бошлаган. Эр аёлнинг гўдакни эплай олмаётганидан жаҳли чиқиб, қизини ўзи ухлатмоқчи бўлган. Ота бешикдаги ёстиқни олиб, аёлининг юзига бир неча марта урган. Бу жараёнда чақалоқнинг боши бешик қиррасига урилган. Шунингдек, болага бошқа жароҳатлар ҳам етказилган.
10 октябрь куни эрталаб аёл ички ишлар бўлимига мурожаат қилган. Қайд этилишича, 2020 йил 17 августда туғилган чақалоқ шифохонанинг бўлимига ётқизилган. Кўрсатилган муолажаларга қарамай, чақалоқ вафот этган.
Суд тиббий экспертизаси боланинг ўлимига бош мия ёпиқ жароҳатланиши, энса суягининг битишмаларидан ичкарига қараб синиши, мия тўқимаси эзилиши, мия тўқимасига, бош мия бўшлиқларига қон қуйилиши ҳамда кўкрак қафаси орқа юзаси, иккала сон соҳасига кўплаб қонталашлар сабаб бўлганлигини қайд этган.
Суд ушбу жиноят билан боғлиқ ҳолатларни инобатга олиб, айбдорга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Андижонда синглиси билан гаплашмасликни тайинлаган акани пичоқлаган йигитга суд ҳукми ўқилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Самарқандда хотинига памперс едирган эркакка суд ҳукми ўқилгани хабар қилинган.