Aндижондаги карантин муассасасида ҳолат қониқарсизлиги айтилган видеога муносабат билдирилди

Ижтимоий тармоқларда 26 август, чоршанба куни Aндижондаги карантин муассасасида ҳолатлар умуман қониқарсиз эканлиги, озиқ-овқатлар белгиланган меъёрларда эмас, санитария ҳодимлари ҳам махсус кийим-бошларсиз ҳаракат қилаётганлиги айтилган видео тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Андижон вилояти ҳокимлиги расмий муносабат билдирди.

Маълум бўлишича, вилоят ҳокимлиги, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, вилоят Санитария-эпидемиология осойишталик маркази вакиллари иштирокида тезкор ишчи гуруҳ тузилиб, улар томонидан карантин ҳудудида вазиятни ўрганиш ишлари амалга оширилган.

Ўраниш ишлари давомида фуқаро томонидан билдирилган эътирозлар асоссиз эканлиги, карантин муассасасидаги ҳолатлар талаб даражасида эканлиги, озиқ-овқатлар белгиланган меъёр асосида тайёрланаётганлиги, санитария ходимлари ҳам махсус кийим-бошларда эканлиги маълум бўлган.

Фуқаро билан суҳбатлашиш жараёнида фуқаро билмасдан, шунчаки мурожаат қилганлиги ва ушбу ишидан пушаймонлигини билдирган.

Таъкидланишича, ушбу карантин муассасаларида карантин даврини ўташда фуқароларга керак бўладиган барча зарурий шарт-шароитлар яратилган бўлиб, уч маҳал иссиқ овқатлар махсус бир марталик идишларда тарқатилади, дори-дармон заҳираси ва карантинга олинган фуқаролар ва уларни назорат қилувчи тиббиёт, ички ишлар, СЭОМ ходимлари учун карантин даври тугагунига қадар етарли даражада ниқоб ва қўлқоплар захираси ташкил этилган.

Эслатиб ўтамиз, вилоят ҳокими карантин қоидалари асосида яшашни ўрганиш кераклигини айтгани ҳамда Андижонда карантин даврида қанча фуқаро даромад манбайидан ажралгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар