Самарқандда 14 ёшгача болалари бўлган нафақа олувчилар сони 2 баробарга оширилади

Самарқанд вилояти Самарқанд туманида 14 ёшгача болалари бўлган эҳтиёжманд нафақа олувчи оилаларнинг амалдаги сонини 2 баробарга ошириш белгиланди. Бу ҳақда Самарқанд тумани Пенсия жамғармаси бўлими бошлиғи Фирдавс Ғаниев маълум қилди.

Самарқанд туманидаги 28 минг 836 нафар пенсия ва нафақа олувчининг 21 минг 625 нафари ёшга доир, 2736 нафари ногиронлик, 1411 нафари боқувчисини йуқотганлик тўғрисидаги пенсиялари ҳамда 3064 нафар ижтимоий нафақа олувчиларнинг пенсия ва нафақа миқдорлари 1,1 баробарга оширилди.

Эътиборли жиҳати, Молия вазирлиги Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан биргаликда 2020 йилнинг якунига қадар 14 ёшгача болалари бўлган эҳтиёжманд нафақа олувчи оилаларнинг амалдаги сонини 2 баробарга ошириб, 700 мингтагача етказиш белгиланди. Бундан ташқари бола 2 ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа олувчи эҳтиёжманд оналарнинг амалдаги сонини 330 мингдан 400 мингтага ошириш, моддий ёрдам олувчи кам таъминланган оилаларнинг амалдаги сонини 89 мингдан 100 мингтага етказишни таъминлаш белгилаб қўйилди.

Тўлаш муддати 2020 йилнинг июль—сентябрь ойларида тугайдиган болалари бўлган оилаларга ва бола парвариши билан шуғулланадиган оналарга нафақа тўлаш навбатдаги 6 ой муддатга (бола тегишлича 2 ёш ва 14 ёшдан ошмаган ҳолатда) давом эттирилиши маълум қилинди.

Аввалроқ Молия вазири ўринбосари пенсия ва нафақалар нега айнан 10 фоизга оширилаётганини маълум қилганди. Шунингдек, Самарқандда 200 нафар фуқаронинг 600 миллион сўмдан ортиқ иш ҳақи, пенсия ва нафақа пуллари ундириб берилгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар