Булунғурда яроқсиз симёғочлар ўрнига 208 та темир-бетон устунлари ўрнатилди

Самарқанд вилояти Булунғур туманининг 6 та маҳалласидаги нимстанциялар аҳволи ўрганилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Президентнинг 2016 йил 23 ноябрдаги «2017—2021 йилларда паст кучланишли электр тармоқларини янада модернизация қилиш ва янгилаш дастури тўғрисида»ги қарорига мувофиқ туманга 14 дона трансформатор ўрнатилиши белгиланган бўлиб, улардан 11 таси ўрнатилган. 2020 йилда 45 километрда 0,4 кВ ва 10 кВли электр узатиш тармоқларини яхшилаш, янги қуриш ва реконструкция қилиш режалаштирилган. Тумандаги яроқсиз симёғочлар ўрнига 208 та темир бетон-устунлар олиб келиб ўрнатилган.

Булунғур тумани аҳолисини, ижтимоий соҳа объектларини, корхона, ташкилотлар ва тадбиркорларни электр энергияси билан таъминлаш учун 6 та (Булунғур, Килдон, Ибн Сино, Полвон, Тошкент ва Ғалаба) нимстанция мавжуд. Ушбу нимстанциялар жами 40 та 10 кВ ва 6 кВ юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари орқали тумандаги 673 та трансформаторларни электр энергияси билан таъминлайди. Электр таъминоти корхонаси тумандаги 34 923 та истеъмолчига электр энергия етказиб беради. Жумладан, аҳоли истеъмолчилар 32 710 та ва улгуржи юридик истеъмолчилар 2213 тани ташкил қилади.

Туманда жами ҳисоблагич ўрнатилиши керак бўлган нуқталар сони 34 923 та бўлиб, бугунги кунга қадар 27 438 дона AСКУЭ ҳисоблагичлар етказиб берилган ва ўрнатилган. Ҳозирда 7485 дона AСКУЭ ҳисоблагичларга талабнома берилган. Электр энергияни ҳисобга олиш ва назорат қилишни автоматик тизимга (ЭЕХО ва НКAТ)га уланган истеъмолчилар сони 22 400 та (81 фоиз)ни ташкил этади ва бу ишлар давом этмоқда. Мавжуд трансформаторларга ўрнатилиши учун етказиб берилган концентраторлар сони 600 та бўлиб 594 таси (99 фоиз) ўрнатилди.

Хабарда келтирилишича, 2021 йилда 17 та трансформатор пунктларини таъмирлашга таклиф киритиш режалаштирилган. Булар «Оқтош», «Навбаҳор», «Олмазор», «Янгиқўрғон», «Меҳржон», «Килдон», «Чорбоғ», «Ниёзмат», «Деҳқонобод», «Булунғурариқ», «Бешқўтон», «Чўёнтепа», «Янгиариқ», «Қўнғирот», «Ўроқли» ва Aмир Темур номли маҳаллаларда жойлашган трансформатор пунктлар ҳисобланади. Шунингдек, 55 километрга 04—10 кВли электр узатиш тармоқлари тортилиши кўзда тутилган.

Aввалроқ Булунғурда ёнғин хавфсизлиги ҳолати текширилган 102 та хонадонда камчиликлар аниқлангани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар