Шаҳрихондаги 76 та маҳаллага замонавий кузатув камералари ўрнатилади (видео)

Андижон вилояти Шаҳрихон туманида ҳуқуқбузарликлар олдини олиш мақсадиди 76 та маҳаллага замонавий кузатув камералари ўрнатилади. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, Андижон вилояти Шаҳрихон тумани ҳудудида фуқаролар хавфсизлиги ва жамоат тартибини сақлаш мақсадида аҳоли кўп тўпланадиган гавжум ва транспорт серқатнов жойларга жами 52 та устунга 200 дан ортиқ кузатув камералари ўрнатилиб, марказий сервер ва бошқарув пулти туман Ички ишлар бўлими навбатчилик қисмига жойлаштирилган.

2020 йил 10 октябрга қадар 50 та маҳаллага 100 дан ошиқ устунларга 400 га яқин камералар ўрнатилиши режалаштирилиб, йил сўнгигача эса 76 маҳаллада 150 та устунга 500 та кузатув камералари билан тўла таъминланиши белгиланган.

«Камераларни ўрнатишимиздан мақсад — жиноятларнинг олдини барвақт олиш. Ҳуқуқбузарликларни вақтида аниқлаб, жиноятга йўл қўймаслик. Ҳозир туманимизда 10 октябрга қадар 100 та устунда кўчанинг ҳажмидан келиб чиқиб 2 тадан 4 тагача бўлган кузатув камералари қўйиляпти. Йил якунига қадар биз буни 150 тага олиб чиқиб, тахминан 450 тадан 500 тагача бўлган кузатув камераларини ўрнатиб, туманни тўла қамраб оламиз. Бу кузатув камералари бизга, ички ишлар идораларига, интернет тармоғи орқали тўғридан-тўғри навбатчилик қисмимизга боғланади. У ерда тезкор навбатчиларимиз ҳар бир ҳудудни назорат қилиб, ходимларнинг ишини тўғри йўналтиради. Битта ходим кун бўйи машинасида ёқилғи, вақт сарфлаб, айланиб юрмайди. Марказдаги тезкор навбатчи ходимни йўналтириб туради. Яна бир қулайлик томони, профилактик инспектор ходимлари навбатчилик қисмидан ташқари ўзининг қўл телефонига тўғридан-тўғри уланади. Хоҳ кечаси тунги вақт бўлсин, хоҳ кундузи, қаерда бўлишидан қатъи назар, ҳудудини тўлиқ назорат қилиб туриш имконига эга бўлади», — дейди туман Ички ишлар бошқармаси ходими.

Аввалроқ Қувада ўрнатилган фотовидео фиксация қуриламаси орқали бир кунда 115 та қоидабузарлик қайд этилгани, Фарғонада туман марказларидаги стационар камералар сони кўпайтирилиши ҳақида хабар қилинганди.