Бухорода салкам 10 ой мобайнида ҚҚС ўрнини қоплаш учун 113,5 млрд сўмлик аризалар тақдим этилди

Бухоро вилоятида 23 октябрга қадар тадбиркорлик субъектлари томонидан «ноль ставка»ни қўллаш натижасида қўшилган қиймат солиғи ўрнини қоплаш учун 113,5 миллиард сўмлик мурожаатлар тақдим этилгани маълум бўлди. Бу ҳақда Бухоро вилояти давлат бошқармаси матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, 2020 йил 23 октябрь ҳолатида Бухоро вилояти давлат солиқ бошқармасига юқоридаги каби 364 та тадбиркорлик субъекти томонидан солиқ суммасини қоплаш учун умумий қиймати 113,5 миллиард сўмлик мурожаатлар — аризалар тақдим этилган. Уларнинг 322 таси қонун тартибида кўриб чиқилган. Бундан  ташқари, 93 та умумий ва тезлаштирилган тартибда тақдим қилинган аризалар ижобий ечимини топгани ҳолда 17,4 миллиард сўм маблағ корхоналар ҳисоб рақамига қайтарилган.

Хусусан, Ромитан туманида фаолият юритаётган масъулияти чекланган жамияти шаклидаги «Wbm Romitex» корхонаси томонидан 2020 йил 19 октябрда вилоят давлат солиқ бошқармасига ариза билан мурожаат қилинган. Унда «ноль ставка»ни қўллаш натижасида вужудга келган 2,2 миллиард сўмлик қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС)нинг салбий фарқ суммасини ҳисоб рақамига қоплаб бериш сўралган.

Мазкур ариза мутасаддилар томонидан «Қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш тартиби тўғрисида»ги Низом талабларига асосан ўрганилган. Шундан сўнг жамиятнинг ҳисоб рақамига 1,3 миллиард сўм қайтарилган. Қолган 86,6 миллион сўм эса солиқ қарзини узиш ҳисобига йўналтирилган. Шунингдек, «Qorako‘l kumush kalava» МЧЖга ҳам қўшилган қиймат солиғи юзасидан тақдим қилган аризасига мувофиқ, 509 миллион сўм маблағ жамият ҳисоб рақамига қайтариб берилган.

«Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 августдаги «Қўшилган қиймат солиғи ҳамда чет эл юридик шахслари билан боғлиқ солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 489-сонли қарорига мувофиқ корхоналарга қўшилган қиймат солиғи бўйича «ноль ставка»ни қўллаш натижасида вужудга келган қўшимча қиймат солиғининг салбий фарқ суммаси узоғи билан 7 кун ичида қайтарилмоқда», дейилади хабарда.

Аввалроқ Ургутдаги қурилиш корхонасидан салкам 255 миллион сўм солиқ қарздорлиги ундирилгани ҳамда Самарқанд вилояти давлат солиқ идораларига ўтган 9 ойда қанча мурожаат келиб тушгани маълум қилинганди.

Янгиликлар