Ургутдаги қурилиш корхонасидан салкам 255 млн сўм солиқ қарздорлиги ундирилди
Самарқанд вилояти Ургут туманидаги қурилиш корхонасидан Давлат солиқ инспекцияси фойдасига салкам 255 млн сўм солиқ қарздорлиги ундирилди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси вилоят бошкармаси ахборот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, туман Давлат солиқ инспекциясининг қарорига асосан қарздор «Big Strоy Building» маъсулияти чекланган жамиятидан 254 миллион 575 минг сўм солиқ қарздорлик ундириш белгиланган. Мазкур ҳужжат Мажбурий ижро бюроси Ургут туман бўлими иш юритувига келиб тушган ва ижро иши юритиш қўзғатилиб, томонларга юборилган.
Маълум қилинишича, ижро ҳаракатлари давомида қарздорга тегишли банкдаги ҳисоб-рақамига давлат ижрочисининг қарорига асосан банд солинган ва унга тегишли бўлган мол-мулкларни аниқлаш мақсадида мутассади сўров хатлари юборилган. Ушбу ижро ҳужжати бўйича қарздор «Big Strоy Building» маъсулияти чекланган жамиятидан туман Давлат солиқ инспекцияси фойдасига 254 миллион 575 минг сўм солиқ қарздорлиги ундирилган.
Aввалроқ Самарқанд шаҳрида корхонадан 416 миллион сўм солиқ қарздорлиги ундирилгани маълум қилинган эди. Шунингдек, Пастдарғомда истеъмолчилардан 426 миллион сўм қарздорлик ҳамда Асакада акциядорлик жамиятидан 562 миллион сўмдан ортиқ солиқ қарздорлиги ундирилгани ҳақида хабар берилганди.