Aсакада акциядорлик жамиятидан 562 млн сўмдан ортиқ солиқ қарздорлиги ундирилди
Aндижон вилояти Aсака туманидаги «Aсака Ёғ» AЖдан 562 миллион 431 минг 120 сўм солиқ қарздорлиги ундирилди. Бу ҳақда МИБ Aндижон вилояти бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, вилоят давлат солиқ бошқармасининг 25 cентябрдаги қарздорнинг солиқ қарзини ундириш учун унинг мол-мулкини хатлаш ва тақиқ қўйиш тўғрисидаги қарорига асосан қарздор «Aсака Ёғ» AЖдан 562 миллион 431 минг 120 сўм солиқ қарзи ундириш белгиланган.
Маълум қилинишича, мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Мажбурий ижро бюроси Aсака туман бўлими давлат ижрочилари томонидан қарздор жамиятга тегишли бўлган 3 та автотранспорт воситаси, яъни «Lacetti», «Matiz» ва «Labo» русумли автомашиналар рўйхатга олиниб, хатлаб қўйилган. Шунингдек, қарздор жамият масъулларига солиқ қарздорликларини бартараф этиш бўйича тушунтиришлар берилган.
Таъкидланишича, 3 та автотранспорт воситаси хатлаб қўйилганидан сўнг «Aсака Ёғ» AЖ солиқ тўловларидан бўлган 562 миллион 431 минг 120 сўм солиқ қарзини тўлаган.
Аввалроқ Андижонда 170 миллиард сўмдан зиёд кредит қарздорлиги тўлангани ва Марҳаматда 700 миллион сўмдан ортиқ солиқ қарздорлиги ундирилгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Қўрғонтепада юк машинаси хатлангандан сўнг 117 миллион сўм кредит қарзи тўлангани ва Самарқандда алимент тўламай келган эркакдан 45 миллион сўмдан ортиқ пул ундирилгани маълум қилинганди.