Ўзбекистонда гиёҳвандларни даволашда 1,5 йилгача мажбурий меҳнат қўлланиши мумкин

Ўзбекистонда наркологик касалликка чалинган шахсларни даволашда меҳнат терапияси қўлланилиши мумкин. Бу ҳақда Telegram’даги «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.

Маълум қилинишича, Шавкат Мирзиёев томонидан «Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида»ги қонун имзоланган. Қонунга мувофиқ, аҳолига наркологик ёрдам давлат наркология муассасалари ёки лицензияга эга бўлган хусусий тиббиёт муассасалари томонидан кўрсатилади. Мажбурий даволанишда бўлиш даврида шахсларни даволаш мақсадида уларга меҳнат терапияси қўлланилиши мумкин.

Наркологик касалликка чалинган шахсни даволаш унинг ёки қонуний вакилининг ёзма розилиги олинганидан кейин амалга оширилади (мажбурий даволаш назарда тутилган ҳолатлардан ташқари).

Шахсни мажбурий даволашга муҳтож деб топиш наркология диспансерлари таркибидаги ихтисослаштирилган тиббий комиссиялар томонидан амалга оширилади. Мажбурий даволаш суд қарори асосида қўлланилади.

Қайд этилишича, мажбурий даволашнинг давомийлиги шахс даволаш учун жойлаштирилган кундан эътиборан 5 кунлик муддатда наркология муассасасининг тиббий комиссияси томонидан белгиланади. Давомийлиги 18 ойдан кўп бўлиши мумкин эмас.

Мажбурий даволаниб чиққан шахсларни ишга жойлаштириш маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, ички ишлар органлари, меҳнат органлари ҳамда наркология муассасалари зиммасига юклатилади.

Қонунга кўра, давлат:

  • психоактив моддалардан ўткир заҳарланиш натижасидаги психозлар чоғида шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилишини;
  • амбулатория ва стационар шароитларда маслаҳат бериш-ташхис қўйилишини, даволашни, психопрофилактик, реабилитация, ижтимоий ёрдам кўрсатилишини кафолатлайди.

Қонун кучга киргач, «Сурункали алкоголизм, гиёҳвандлик ёки заҳарвандликка мубтало бўлган беморларни мажбурий даволаш тўғрисида»ги қонун ўз кучини йўқотади.

Маълумот учун, меҳнат терапияси — даволаш ва реабилитация мақсадида беморни меҳнат фаолиятига жалб этиш йўли билан даволаш факторлари сифатида меҳнат жараёнларидан пул олинмайдиган асосда фойдаланиш.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёевнинг «Фавқулодда вазиятлардан жабр кўрган фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг қўшимча чоралари тўғрисида»ги қарори қабул қилинганди. Шунингдек, Парламент юқори палатасининг 11 сентябрь куни ўтказилган еттинчи ялпи мажлисида Сенат раиси Танзила Норбаева «Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида»ги қонун ҳақида ўз фикрларини билдирганди.

Янгиликлар