Республика болалар кутубхонасини реконструкция қилиш ишлари бошланди

Тошкентда 28 октябрь, чоршанба куни Республика болалар кутубхонасини реконструкция қилиш лойиҳасини амалга ошириш ишлари бошланди. Бу ҳақда Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева ўзиниг Telegram каналида пост қолдирди.

Фото: Saida Mirziyoyeva / Telegram

Саида Мирзиёеванинг айтишича, мазкур лойиҳа меценат сифатида иштирок этиб, катта ёрдам кўрсатаётган фуқаролар кўмаги билан амалга оширилмоқда. Шунингдек, у хабарида Республика болалар кутубхонаси болалар ва уларнинг ота-оналари учун миллий ва жаҳон маданияти адабий ижодининг энг яхши намуналарини ўзлаштиришга ёрдам берувчи асосий маданият ўчоғига айланишига умид билдирганини айтиб ўтган.

Фото: Saida Mirziyoyeva / Telegram

«Бу ғоя қалбимга жуда яқин, шунинг учун уни ҳар томонлама қўллаб-қувватладим ва уни амалга оширишда максимал даражада ёрдам беришга ҳаракат қилдим.

Замонавий, технологик кутубхонани яратиш билан бирга бинонинг ташқи кўринишини сақлаб қолиш ҳам жуда муҳим эди. Архитектура ёдгорлиги бўлган ушбу бинони Тошкент аҳолиси жуда яхши кўради, шунинг учун кутубхонани асл шаклида сақлаб қолиш биз учун принципиал масала эди, биз бунга алоҳида эътибор қаратдик», — дейди Саида Мирзиёева.

Фото: Saida Mirziyoyeva / Telegram

Фото: Saida Mirziyoyeva / Telegram

Фото: Saida Mirziyoyeva / Telegram

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Республика болалар кутубхонасини реконструкция қилиш лойиҳасини тақдим этганди. Маълум қилинишича, лоийҳа дизайни Ludi Architect Санкт-Петербург архитектура бюроси ишлаб чиқилади. Бу иш ҳомийлик маблағлари асосида амалга оширилди. Лоийҳа дизайнери Ludi Architect Санкт-Петербург архитектура бюроси кутубхоналар ва китоб жамғармалари билан ишлашга ихтисослашган.

Шунингдек, кутубхонада турли ёшдаги болалар учун коворкинг майдони, маъруза ва маҳорат дарслари ўтказилиши учун лаборатория ва кўчма заллар ҳамда рақамли машғулотлар учун студия фаолият кўрсатади. Бинога ёндош ҳудуд жамоат майдониига айлантирилади.

Аввалроқ Самарқандда салкам 700 минг китоб фондига эга кутубхона реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар