Андижонда давлат харидларидаги «таниш-билишчилик» ҳолатлари прокуратура томонидан ўрганилади

Андижон вилояти прокуратураси ижтимоий тармоқларда «Андижонча тендер, қариндошлик ва миллиардлик давлат буюртмалари» номли мақолага муносабат билдириб, давлат харидларидаги «таниш-билишчилик» ҳолатларини ўрганишини маълум қилди.

Фото: «Tez News»

Қайд этилишича, мақолада мукаммал таъмирлаш ва реконструкция ишларини амалга ошириш учун ўтказилган танлов ва тендерларда шаффофлик таъминланмаганлиги баён этилган. Прокуратура ҳозирда мақолада айтиб ўтилган ҳолатлар тегишли соҳа мутахассислари иштирокида ўрганилаётганлигини маълум қилган. Шунингдек, ўрганиш натижаси бўйича қўшимча хабар берилишини билдирган.

Маълумотларга кўра, Андижон вилоятида «Milano Biznes Servis» компанияси қарийб 20 миллиард сўмлик давлат харидларини ютиб олган. Унинг таъсисчиси Муҳиддин Қодиров эса бир вақтнинг ўзида «Ягона буюртмачи хизмати» раҳбари ҳам ҳисобланади. Бундан ташқари, вилоят қурилиш бошқармаси бошлиғи Рустамбек Ходибоев миллиардлаб сўмлик давлат буюртмаларини бажараётган «Ixtisoslashgan Shahrixon Qurilish» компаниясининг таъсисчиси ҳам ҳисобланади.

Худди шундай лойиҳалар таъсисчилари «Ягона буюртмачи хизмати» раҳбарининг қариндошларига тегишли «Andijon Ihlos Qurilish» компанияси томонидан ҳам амалга оширилмоқда.

Аввалроқ Жиззахда ҳокимнинг қизига тегишли компания 2 миллиард сўмлик лойиҳаларни қўлга киритгани бўйича текшириш бошлангани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар