Хоразмда «замҳоким»нинг укасига тегишли компания 20 млрд сўмлик давлат буюртмасини ютиб олди

Хорамзда 2020 йил март ойида ҳокимнинг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланган Бахром Курбановнинг укасига тегишли компания 20 миллиард сўмлик давлат буюртмасини ютиб олган. Бу ҳақда «davletovuz» Telegram каналида хабар берилди.

Фото: Telegram / @davletovuz

Хабарга кўра, Бахром Курбанов вилоятда қурилиш комплексида пудрат, лойиҳа ишларига бўлган давлат буюртмасини тендер асосида жойлаштиришни, шунингдек, унинг бажарилиши юзасидан назоратни таъминлайди. 2020 йилнинг 25 июнь куни Бахром Шарипович раислигида Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги перинатал марказини реконструкция қилиш бўйича тендер савдо комиссияси мажлиси бўлиб ўтади.

Комиссия қиймати 20 миллиард сўмдан ортиқ бўлган иншоотни қуриш учун «Бунёдкор» МЧЖни ғолиб сифатида танлаб олади. Таъкидланишича, мазкур корхона улушлари, юридик шахслар реестрига кўра, тўлиғича Курбанов Улуғбек Шариповичга тааллуқли. Маълумотларга кўра, у вилоят ҳокими ўринбосари, тендер комиссияси раиси Бахром Курбановнинг укаси ҳисобланади.

Мазкур компания, шунингдек, Урганч шаҳар Ашхобод маҳалла фуқаролар йиғинидаги ичимлик сув тизимларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича тендерда ғам ғолиб бўлган. Тендер натижалари 2020 йил cентябрь ойида эълон қилинган. Қарийб 7 миллиард сўмлик объект бўйича тендер комиссияси раиси Уй-жой ва коммунал хўжалик вазири бўлган, лекин у йиғилишда «узрли сабабларга кўра қатнаша олмаган»и таъкидланган.

«Назорат органлари мазкур компаниянинг Бахром Курбановнинг эски лавозимларда ишлаган пайтида олган буюртмаларини ҳам ўрганиб кўриши лозим», дейилади хабарда.

Аввалроқ Андижонда давлат харидларидаги «таниш-билишчилик» ҳолатлари прокуратура томонидан ўрганилиши ҳамда Қорақалпоғистонда ҳоким вазифасига тайинланганидан кейин «Equinox» сотиб олгани ҳақда хабар берилганди.

Янгиликлар