Исроилда эркак COVID-19’га қарши эмлангач, юрак хуружидан вафот этди

Исроилда «Pfizer» вакцинаси билан коронавирусга қарши эмланган бир эркак 28 декабрь, душанба куни юрак хуружидан вафот этди. Бу ҳақда мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига таяниб, «Jerusalem Post» маълум қилди.

Фото: «Accosiated Press»

«Мамлакат шимолида истиқомат қилувчи юрак ва саратон касаллигига чалинган, илгари бир неча марта юрак хуружига учраган 75 ёшли эркак бугун эрталаб коронавирусга қарши эмланди ва эмлашдан кўп ўтмай, уйида вафот этди», дейилади хабарда.

Бахтсиз ҳодисани текшириш бўйича махсус комиссияни Соғлиқни сақлаш вазирлиги хавфсизлик ва сифат бошқармаси бошлиғи олиб борган. «Дастлабки текширувда ўлим ва эмлаш ўртасидаги боғлиқлик қайд этилмади, эмлаш кампанияси давом этмоқда», деган вазирлик матбуот хизмати.

Аввалроқ АҚШда 3 ёшли бола коронавирус туфайли инсультга чалингани ҳақида хабар берилган эди.