АҚШда 3 ёшли бола коронавирус туфайли инсультга чалинди

Америка Қўшма Штатларида яшовчи 3 ёшли Колт Перрис, COVID-19’дан даволанаётган бир пайтда инсультга ҳам чалинди. Бу ҳақда «The Mirror» нашри хабар берди.

Фото: «Sky News»

Маълумотларга кўра, бола нутқида муаммо пайдо бўла бошлаган. Унинг ўнг қўли ишламай қолганидан сўнг боланинг ота-онаси шифокорга мурожаат қилган. Касалхонада коронавирусга топширилган тест салбий натижа кўрсатган. Шифокорлар тиббий марказда қайтадан текширув ўтказишга қарор қилган. Тест натижаларига кўра боланинг организмида антитаналар топилган.

Бундан кейинги текширувлар давомида шифокорлар боланинг миясида қон томирларида кислород етишмовчилиги оқибатида тромб ҳосил бўлганини аниқлаган. Жаррохлик муолажаси амалга оширилиб, тромб олиб ташланган.

Шифокорларнинг таъкидлашича, инсульт коронавирусга чалиниши оқибатида келиб чиққан. Негаки COVID-19 тромб ҳосил бўлишига мойиллик келтириб чиқаради. Шифокорлар болада коронавирус аниқланса, унинг нутқи ва ҳаракатларини назорат қилиш муҳимлиги ҳақида огоҳлантирган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, коронавирус инфекцияси иситма шаклида эмас, балки асаб тизими билан боғлиқ муаммолар кўринишида намоён бўлиши мумкин.

Аввалроқ АҚШда COVID-19’га қарши «Pfizer» вакцинаси билан эмланган шифокорларнинг аҳволи ёмонлашгани ҳақида хабар берилган эди. Австралияда ҳам COVID-19’га қарши эмланганларда ОИТВ аниқлангани хабар қилинганди.

Бундан ташқари, австралиялик олимлар болаларда коронавирус вакцинасининг кутилмаган таъсирини аниқлагани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Американинг «Pfizer» ва Германиянинг «BioNTech»компаниялари томонидан биргаликда ишлаб чиқилган вакцина синовларида олти киши вафот этгани маълум қилинган.