Ўзбекистоннинг расмий меҳнат мигрантлари сони маълум бўлди

Ўзбекистоннинг расмий меҳнат мигрантлари сони 1,678 миллионни ташкил қилмоқда. Бу ҳақда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «sakhalife.ru»

Таъкидланишича, 1 январь ҳолатига жами меҳнат мигрантларидан 481,1 минг нафари аёлларни, 993,7 минг нафари эса ёшларни ташкил этмоқда. Шундан Россияда 1 миллион 192,8 минг, Қозоғистонда 209,3 минг, Жанубий Кореяда 62,3 минг, Туркияда 43,2 минг, БААда 5,2 минг ва бошқа давлатларда 165,6 минг нафар ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари мавжуд.

Республика ташқарисида ишлаётган фуқароларнинг ҳудудлар кесимида тақсимоти бўйича эса дастлабки бешталикда Самарқанд (234,5 минг нафар), Андижон (228,7 минг нафар), Фарғона (197,7 минг нафар), Тошкент (143,7 минг нафар) ва Хоразм (139,9 мин нафар) вилоятлари қайд этилган.

Шунингдек, 2020 йилда пандемия сабаб Ўзбекистонга 470 мингга яқин меҳнат мигранти қайтиб келган.

Аввалроқ Меҳнат мигрантларини Россияга олиб киришнинг махсус механизми яратилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда 2020 йилда миграция агентлиги орқали хорижга чиқиб кетган фуқаролар сони очиқлангани ҳақида хабар берилганди.