Фото: «Tez News»

Қайд этилишича, 4790 нафар хонадон эгаларига 186,6 миллиард сўм моддий ёрдам маблағлари пластик карталарга туширилган. Шундан, 4541 та фуқарога 181,6 миллиард сўм (40 миллион сўмдан) ва 249 та фуқарога 5 миллиард сўм (20,0 миллион сўмдан) берилган. Тошқин оқибатида уй-жойларига жиддий зарар етган фуқаролар учун жами 52,5 га ер майдонлари танланиб, шартнома бўйича 855,4 миллиард сўмга тенг 2640 та хонадонли 86 та кўп қаватли турар жой қурилган. 2 577 та хонадон республика, вилоят ва туманлар ишчи гуруҳлари ҳамда жамоатчилик вакиллари томонидан ўрганилиб, қуръа ташлаш йўли билан эгаларига топширилган.

Бундан ташқари, Сардоба тошқинидан жабр кўрганларга уй-жойлар тақсимланишида биринчи навбатда ҳужжатларида муаммоси бўлмагани учун 1430 та хонадон эгаларига тўғридан-тўғри берилган.

Кўп қаватли уйларнинг 1-қаватига биринчи навбатда оиласида ногиронлиги бўлган болалар ёки оғир ногиронликка олиб келувчи касалликка чалинган болалар, ёлғиз пенсионерлар жойлаштирилган. Шунингдек, муаммо ва камчиликлари бўлган 724 та ҳужжатлар Халқ депутатлари туман кенгашлари сессияларида кўриб чиқилиб, сессия қарорларига асосан уй ажратилиши рад этилган.

Жумладан, 187 тасини — яшайдиган уйи бўлгани учун, 232 та хонадонга тегишли уйлар — Қурилиш назорат инспекцияси томонидан яроқли деб топилгани сабабли ва 298 та хонадон — қурилиши якунланмагани, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш учун қурилган вақтинчалик уйлар эканлиги аниқланган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 1 май куни соат 05:55 да Сирдарё вилоятида жойлашган Сардоба сув омбори дамбасининг 6 пикет деворида сув чиқиши юзага келган. Оқибатда Қўрғонтепа аҳоли яшаш пунктига сув кирган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳалокатнинг биринчи дақиқаларидаёқ Сардоба сув омбори ҳудуди атрофида истиқомат қиладиган 70 минг аҳоли хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинган ҳамда Сирдарё ва Жиззах вилоятлари ҳудудида ташкил этилган махсус муассасага жойлаштирилган.

Сув тошқинидан зарар кўрган Оқолтин тумани маҳаллаларидаги 700 га яқин уй-жойга июль ойидан аҳоли кўча бошлаган. Президент Шавкат Мирзиёев 13 октябрь куни Сардоба тумани «Дўстлик» маҳалласида қуриб битказилган хонадонларни кўздан кечирган. Шунингдек, «Янги Ўзбекистон» маҳалласида сув тошқинидан талафот кўрган Мирзаобод ва Оқолтин туманида яшаган аҳоли учун 40 та 5 қаватли уй-жой қуриб битказилган.