Сенати раисининг «БМТ–аёллар» тузилмаси Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари учун минтақавий директори билан суҳбати бўлиб ўтди

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева 28 январь куни «БМТ–аёллар» тузилмаси Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари учун минтақавий директори Алия Эл-Яссир билан видеоконференцалоқа шаклидаги суҳбат иштирок этди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати «Tez News»га маъулм қилди.

Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати

Мулоқотда БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Хелена Фрейзер иштирок этди. Тадбир иштирокчилари «БМТ–аёллар» тузилмаси доирасида гендер тенгликни қўллаб-қувватлаш, шунингдек хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш бўйича ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилган.

БМТнинг Хотин-қизлар ҳолати бўйича комиссиясининг 65-сессиясига тайёргарлик кўриш бўйича 2021 йил февралига мўлжалланган субминтақавий маслаҳатлашувларнинг ташкилий масалалари юзасидан фикр алмашилган. Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш соҳасида кўрилаётган чораларни, ижтимоий-сиёсий ҳаётга хотин-қизларни кенг жалб этиш қўллаб-қувватланишини юқори баҳолаб, «БМТ–аёллар» тузилмаси минтақавий директори «мамлакатда мазкур соҳада салмоқли натижаларга эришилганини» таъкидлаб ўтган.

Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати

Бундан ташқари, Алия Эл-Яссир «Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёлларнинг мулоқоти» норасмий платформасининг ташкил этилишини қўллаб-қувватлаган. Унинг сўзларига кўра, мазкур платформа минтақадаги хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга кўмаклашади.

«‘БМТ-аёллар’ тузилмаси минтақавий директори ‘Тенглик авлоди’ форумига тайёргарлик бориши тўғрисида маълумот берди. Томонлар пандемиядан кейин хотин-қизларга ёрдам кўрсатиш, субминтақавий ва глобал даражаларда 2030 йилгача даврда Барқарор ривожланиш соҳасидаги кун тартибида белгиланган барча режалар ва вазифаларни бажариш борасида ўзаро ҳамкорлик ва биргаликда амалга ошириладиган ишларни давом эттиришга келишиб олдилар», дейилади хабарда.

Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати

Аввалроқ Сенат раиси иштирокида «Муносиб меҳнат орқали барқарор ривожланиш сари» мавзусида видеоконференцалоқа шаклида давра суҳбати ўтказилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар